Илм-фан соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 30 январь куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида илм-фан соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Мажлисда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, олимлар, мутахассис ва экспертлар, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан соҳаси тобора ривожланиб, тадқиқотларда амалий натижаларга эришилмоқда.
Хусусан, 2025 йилда давлат илмий дастурлари доирасида умумий қиймати 577,1 млрд сўм бўлган 323 та илмий лойиҳа молиялаштирилди.
Илмий тадқиқотлар натижасида яратилган илмий ҳажмдор маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган олимлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги 30 та инновацион (спин-офф) корхона фаолият кўрсатмоқда. 300 дан ортиқ тижоратлаштирилган янги ишланмалардан фойдаланилмоқда. Ҳозирги кунда таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида 250 га яқин олий таълимдан кейинги таълим институтлари фаолият кўрсатмоқда.
Буларнинг барчаси илмий фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашни, илм-фан соҳасига оид қонун ҳужжатларига зарур тузатишлар киритишни тақозо этмоқда.
Мажлис иштирокчилари ўз чиқишларида амалдаги қонунчиликда илмий ва илмий-техник лойиҳа, илмий-техник маҳсулот, илмий-техник натижа каби муҳим тушунчаларга таъриф берилмаганини таъкидлаб ўтди.
Илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг илмий ҳалоллик ва академик инсофлилик, илмий натижаларнинг текширувчанлиги ва шаффофлиги каби янги тамойилларни мустаҳкамлашни ҳам даврнинг ўзи талаб қилиши қайд этилди.
Амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида Қўмита томонидан илм-фан соҳасига оид қонунчилик таклифини тайёрлаш учун масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.
Шунингдек, муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар, олим ва мутахассислар эндиликда илм-фанни ривожлантиришда сонга эмас, балки сифатга алоҳида эътибор қаратиш, турли хил бюрократик тўсиқлар ёки коррупциявий омилларни бартараф этиш долзарб вазифалардан бири эканлигини ҳам таъкидлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг