Илм-фан соҳасида инновацион лойиҳалар - тараққиёт омили
Фото: Халқ сўзи
Инсоният тарихига назар ташласак, қайси даврда ва қайси жамиятда янгиликларга интилиш, илм-фан, кашфиётларга эътибор қаратилган бўлса, ўша давр ва ўша жамиятда тараққиёт, юксалиш кузатилган. Бу тажрибага амал қилаётган давлатлар бугунги кунда ривожланиш йўлидан собитқадамлик билан бормоқда. Худди шундай, мамлакатимизда ҳам ота-боболаримизнинг азалий анъаналарига суянган ҳолда фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига, илм-фан ривожига юксак аҳамият қаратилмоқдаки, буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи ошиб боришига асос яратяпти.
Давлатимиз раҳбарининг «2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эса соҳада мавжуд айрим муаммоларга узил-кесил барҳам беришда дастуриламал бўлмоқда. Зотан, ушбу қарорда олий таълим муассасаларида илмий фаолиятга оид давлат дастурларида грант лойиҳаларининг улуши пастлиги, уларнинг тижоратлаштириш жамғармаларига маблағ ажратилмаётгани, илмий лойиҳалар бўйича патентлар олинмаган, халқаро нашрларда илмий мақолалар чоп этилмагани, илмий кадрларни тайёрлаш жараёни паст даражада ташкил қилингани, тармоқларга хизмат кўрсатиш соҳаси етарли ривожланмагани кўрсатиб ўтилган. Шунинг баробарида 2022-2023 йилларда илмий ташкилотлар томонидан янги ишланма ва технологияларни яратиш ва жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш, олий таълим муассасалари учун «драйвер» инновацион лойиҳалар ҳамда ОТМ ҳузурида ташкил этиладиган, илмий ҳажмдор маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион корхоналар тузиш аниқ-равшан белгилаб қўйилган.
Айни чоғда олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришга йўналтирилган бизнес инкубаторларни ташкил этиш, аҳолининг кенг қатламларида, шу жумладан, аёллар ва ёшлар ўртасида илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, “InnoWeek” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида олий таълим, илмий тадқиқот муассасалари ҳамда тармоқ корхоналари ўртасида имзоланган шартномалар асосида яратилган тайёр маҳсулот ва хизматларни намойиш этишга алоҳида эътибор қаратиш, таълимнинг барча босқичида яратувчанлик, инновацион тадбиркорлик ва рационализаторликни ривожлантириш, ҳудудлардаги иқтидор эгаларини «Академик ҳаракатчанлик» ва «Бўлажак олим» дастурлари орқали жалб қилиш, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг “Veb of science” ва “Springer Nature” халқаро илмий маълумотлар базасидан эркин фойдаланишини таъминлаш каби муҳим вазифалар келтирилган.

Андижон давлат педагогика инститида мазкур йўналишлар бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, илмий ҳажмдор маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион академик корхона фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бундай корхоналар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёнларида ресурсларни мақбуллаштирган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада талаб юқори бўлган ҳамда истиқболли инновацияларни кенг жорий этиш имконини беради. Шу билан бирга ихтисослашган бу турдаги корхоналарни ташкил этишнинг афзалликлари талайгина. Хусусан, институтда мавжуд юқори илмий-инновацион салоҳиятдан фойдаланган ҳолда юқори технологияга асосланган пуллик хизматлар кўрсатиш, бу орқали эса нобюджет маблағлар жалб қилиш имконияти пайдо бўлади. Олим ва мутахассислар учун қўшимча янги иш ўринлари яратилади. Ҳозирги кунда институтда “Edu servis«МЧЖ шаклидаги инновацион корхона ишлаб турибди.
Бундан ташқари институтдаги мавжуд 11 кафедра таркибида 22 та илмий-амалий тўгарак ташкил этилган ва уларга турли фан йўналишларига қизиққан талабалар жалб этилган. Олийгоҳимиз қошида тузилган «Иқтидорли талабаларнинг илмий жамияти» эса талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, чуқур билим олиши ва қобилиятларини ривожлантириш, малакали профессор-ўқитувчиларнинг иқтидорли талабалар билан индивидуал ишлашини таъминлаш, турли илмий танловлар ва кўргазмалар ташкил этиш каби мақсадлар йўлида ташаббускор бўлмоқда. Ушбу илмий жамиятга ахборот технологиялари ўқитувчиси Мафтуна Абдунабиева раҳбарлик қиляпти.
Дарвоқе, институтнинг ташаббускор, ёш педагогларидан яна бири Кумушой Ўринбоева ташаббуси билан «Ихтирочилар ва рационализаторлар жамияти» тузилди. 150 дан зиёд талабаларни қамраб олган бу жамият аъзолари томонидан яратилган физика ва астрономия йўналишидаги қурилмалар, «ақлли» электр ускуналари, ўқув-лабораториялар макетлари, ITга оид инновацион лойиҳалар кўргазмаларда муваффақиятли намойиш этилмоқда.
Билимга асосланган иқтисодиёт – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосларидан бири. Шу нуқтаи назардан Андижон давлат педагогика институтида ҳам соҳага оид қонун ҳужжаталари ижросига - таълим сифати ва илм-фан соҳасидаги инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этишга жиддий ёндашиляпти. Бу эса келажакда, албатта, ўз самарасини кўрсатади.
Беҳзодбек СИРОЖИДДИНОВ,
Андижон давлат педагогика институти
Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг