Икки вилоятда кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси билан шуғулланганлар ушланди
Иллюстратив фото
Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Термиз шаҳри бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаролар Ф.Х., А.Ж. ва И.А фуқаро А.А.га инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи 10 дона «Регапен» номли дори воситасини 1 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Каттақўрғон шаҳри бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Г.Ш. фуқаро М.Н.га инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи 2 турдаги 96 та капсуладаги дори воситаларини 1,3 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг