Икки вилоятда кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси билан шуғулланганлар ушланди

15:58 01 Ноябрь 2024 Жамият
435 0

Фото: Прокуратура департаменти 

Фарғона ва Тошкент вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Марғилон шаҳри бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Фарғона шаҳри Маърифат МФЙ ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган. Унда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро Б.А. харидорга 3 турдаги жами 990 та капсуладаги инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 5,6 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби ҳолат Департаментнинг Бўка тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Оҳангарон шаҳри, Амир Темур кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган. Дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган И.И. (муқаддам судланган) исмли фуқаро А.Ж.га 100 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 4 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер