Икки томонлама пневмония юқумли касалликлар сирасига кирадими? — долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди
Бугун АОКА залида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида ўтказилган брифингда пандемия билан боғлиқ саволларга жавоб қайтарилди:
Савол: Икки томонлама пневмония юқумли касалликлар сирасига кирадими?
Жавоб: Аслида икки томонлама пневмония келиб чиқишида вирус, бактериялар ёки замбуруғлар сабабчи бўлади. Вирус, бактерия ёки замбуруғлар келтириб чиқарадиган икки томонлама пневмония касаллиги шу келтириб чиқарувчи инфекция юқиш йўлларига қараб юқумли ҳисобланади.
Бугунги кунда вирус касалликлари долзарб бўлиб қолгани боис, биз ҳаво томчи орқали юқувчи касалликлардан кўпроқ хавотирланишни бошладик.
Аслида бактериялар, замбуруғлар ва оддий ҳужайрали паразитлар ҳам ўз ўрнида юқумли ҳисобланади. Уларнинг юқиш йўли ҳаво томчи орқали бўлмаслиги мумкин, лекин организмга тушган бундай инфекция турлари пневмония каби ўткир касалликларни келтириб чиқаради.
Ёки паразитлар инсон организми иммун тизими пасайишини кутиб ётади. Иммун тизими пасайса, бу инфекция жойлашган аъзосини жароҳатлаб касаллик чақиради.
Шу боис, биз доимий равишда инфекциялардан ўзимизни ҳимоя қилишимиз, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишимиз, соғлом турмуш тарзини юритган ҳолда тўғри ва муқобил овқатланишимиз, енгил жисмоний фаолликни доим бажариб юришимиз зарур.
Савол: Коронавирус келтириб чиқарадиган пневмония аввал маълум бўлган атипик пневмониядан нимаси билан фарқланади?
Жавоб: Атипик пневмония 2013 йилда кузатилган бўлиб, бу касалликнинг қўзғатувчиси MERS вируси бўлган. Ушбу касаллик ўша йилларда назоратга олинган.
Атипик пневмониядан коронавирус инфекцияси келтириб чиқарадиган пневмониянинг фарқи шундаки, иккинчи ҳолатда пневмония жуда тез ривожланади ва унда иммунстресс ҳолат кузатилади.
Шунингдек, коронавирус иммун тизимга таъсир кўрсатади ва цитокинлар «бўрони» юзага келади. Бу эса ўз навбатида фибротик ўзгаришлар билан пневмонияни ривожлантириб юборади.
Коронавирус пневмониясида йўтал қуруқ бўлади. Вирусли пневмонияни ташхислашнинг энг оптимал усули — МСКТ текшируви ҳисобланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг