III Халқаро бахшичилик санъати фестивали Гулистонда ўтказилади
Фото: Халқ сўзи
Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги ташкилий-ижодий гуруҳ Гулистон шаҳрида бўлиб, жорий йилнинг апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган III Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик жараёнини кўздан кечирди.
Ўрганиш асносида фестивални юқори савияда ўтказиш ҳамда унда иштирок этиши кутилаётган маҳаллий ва хорижий иштирокчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш масалалари юзасидан зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Маълумот учун айтиш лозимки, Сирдарё вилоятида ҳам бахшичилик санъати вакиллари бор. Хусусан, бахши Саидмурод Гулмуродовнинг ўғли Дилмурод Гулмуродов айни пайтда мамлакатимизнинг таниқли ёш бахшиларидан бири саналади. Қолаверса, унинг олти нафар шогирди ушбу санъат сирларини ўрганмоқда. Гулистон шаҳридаги 2- болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳаваскор бахши Бозорбой Қодиров бошчилигида фаолият юритаётган бахшичилик тўгарагида эса 10 нафар ўқувчи айни санъат йўналишидан сабоқ олмоқда.
— Фестивалга пухта тайёргарлик кўриш билан бирга, унда фаол иштирок этишни ҳам мақсад қилганмиз, — дейди Сирдарё вилояти маданият бошқармаси халқ ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш бўлими мутахассиси Абдуваққос Раҳмонов. — Яъни мазкур санъат байрамида бахшиларимиз қаторида 37 та ҳаваскор жамоаларимиз ҳам қатнашишга ҳозирлик кўрмоқда.
Эслатамиз, мазкур нуфузли санъат фестивалининг аввалгисига Нукус шаҳри мезбонлик қилган эди.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг