Ҳушёрлик ва масъулият ҳисси ила

16:51 18 Август 2022 Жамият
670 0

Фото: Халқ сўзи

Ҳамробегим Шаропова Бухоро шаҳридан маҳалладошлари ҳузурига фахрий ёрлиқ, совға-салом ва бир даста гул билан қайтди. Қоровулбозор туманида Имом Бухорий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи онахон «Бир нуроний ўн ёшга масъул» кўрик-танловининг Бухоро вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

— Маҳалламиз номининг ўзиёқ зиммамизга катта масъулият юклайди, — дейди Ҳамробегим Шаропова. —  Биз, кексалар ўғил-қизларимизни эс- ҳушли, одобли, миллий қадриятларимизни эъзозлайдиган, фарзандлик бурчини унутмайдиган, оқ билан қоранинг фарқига етадиган қилиб тарбиялашда ўз масъулиятимизни унутмаслигимиз керак. Бунда ҳаётий тажрибамизга таянамиз, албатта. Шукр, маҳалламиз вилоятнинг энг ибратли гўшаларидан саналади. Маҳалламиз болаларининг яқин-орада ножўя ишларга қўл уришганини эслай олмайман. Ҳудудимиздаги намунали оилаларни ибрат қилиб кўрсатган ҳолда ёшларни тўғри йўлга бошлаяпмиз. Кўрик-танловда шу жиҳатлар алоҳида эътироф этилди.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд «Ҳар қадамда ҳушёр бўл» дея лутф этганлар. Замонлар синовидан ўтган бу ўгит замирида бир дунё маъно бор. Агар юртимиздаги ҳар бир нуроний ўзини лоақал ўн нафар ўғил-қизнинг тарбиясига масъул деб билса, бу баркамол авлод камолоти йўлида амалга оширилган жуда катта иш бўлур эди. Кўрик-танлов ана шу жиҳати билан алоҳида аҳмият касб этди. Дарвоқе, тадбирда Ғиждувон тумани «Миракон» МФЙ фаоли Фазлиддин Исломов, Бухоро шаҳридаги «Мутал Бурҳонов» маҳалласи вакили Аҳила Тўраева ҳам ғолиблар қаторидан ўрин олди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер