Ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашга замон талабларига мос ёндашилмоқда

14:34 12 Апрель 2021 Жамият
684 0

Мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун зарур ҳуқуқий-ташкилий шароитлар яратиляпти.

Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси шулар жумласидандир.

Мазкур ҳужжатлар ёшларни таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратиб беришга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди. Унда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш вазифалари кўрсатиб берилди.

Айтиш жоиз, барча соҳалар қатори юртимизда олий маълумотли ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелда «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниб, унга мувофиқ юртимизда ҳуқуқий соҳани тубдан ислоҳ қилиш ҳамда Тошкент давлат юридик университети фаолиятини янгилаш ва кучайтириш вазифалари белгилаб берилди.

Фармонга мувофиқ, университет ўқув жараёнида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Тошкент давлат юридик университети мамлакатимизда биринчи бўлиб тўлиқ Европа кредит тизимига (European Credit Transfer and Accumulation System – ECTS) ўтказилди ҳамда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан тўлиқ ушбу тизими асосида ташкил қилинди.

Ўқув жараёнининг очиқ ва шаффофлиги, таълим бериш ва баҳолашнинг ошкоралигига асосланган кредит-модуль тизими талабага ҳамда унинг мустақил таълим олишига йўналтирилган бўлиб, кредитларни йиғиш ва кўчириб ўтказиш, бу орқали эса ўқишини турли таълим даргоҳларида ўташ имконини яратади. Бу тизимда талаба келажакда қайси соҳа мутахассиси бўлмоқчилигига қараб ўзининг мустақил таълим траекториясини яратиши ҳамда ўқишнинг бир қисмини хорижий олий таълим муассасаларида ҳам давом эттириши мумкин.

Университетда Европа кредит тизими талабларидан келиб чиққан ҳолда бакалавриатда 4 та таълим йўналиши, магистратурада эса 8 та мутахассислик бўйича «Ҳуқуқ» давлат таълим стандарти, 12 та малака талаблари, 12 та ўқув режа, 178 та ўқув дастур (syllabus) ва тасдиқланди. Мазкур ҳужжатларнинг ишлаб чиқишда етук хорижий олий таълим ташкилотлари, жумладан, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 300 та ўриндаги олий таълим муассасалари тажрибаси, халқаро стандартлар ҳамда бугунги кун иш берувчиларининг талаблари ўрганилиб, татбиқ этилди. Ўқув режаларда номутахассислик фанлари 22 фоиздан 10-12 фоизга камайтирилди. Фанлар блоки эса, мажбурий фанлар ва танлов фанларига бўлинди. Талабалар томонидан ихтиёрий қўшимча ўзлаштирилиши мумкин бўлган кредитлар ҳам ўқув режада акс эттирилди.

Бугунги кунда ўқув ва таълимни бошқариш жараёнини тўлиқ рақамлаштиришга эътибор қаратилиб, қоғоз айланишини буткул бартараф этиш, таълим жараёни бошқарувини автоматлаштиришни таъминловчи «Электрон университет» (E-University) дастурини жорий этилмоқда.

Шу билан бирга университетда қатор электрон тизимлар, жумладан, талабалар учун ҳар қандай масала юзасидан электрон мурожаат қилиш имконияти яратилди ҳамда юртимиз олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб ягона дарча тамойили асосида фаолият юритувчи махсус Талабаларга хизмат кўрсатиш ташкил этилди. Муассасада таълим олаётган ёшларга қулайлик яратиш мақсадида битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳамда илмий раҳбарларни танлаш электрон тизими жорий этилди, тўлов-шартномасини электрон равишда олиш ҳамда тўловлар бўйича қарздорликни назорат қилиб бориш механизми ишга туширилди.

Энг асосийси масофавий таълим платформаси ва электрон баҳолаш тизими жорий этилди. Университет масофавий таълим платформаси (http://distant.tsul.uz) дунё бўйича эътироф этилган “Moodle” (объектга йўналтирилган динамик таълим муҳити) тизимида бўлсада, ушбу тизим анча такомиллаштирилди. Жумладан, маъруза машғулотларини ўтказиш учун видеочат (Big Blue Button) ва “Zoom” дастурий воситаси, назорат ишларини топшириш ҳамда уларни антиплагиат тизимидан ўтказиш механизмлари интеграция қилинди, таълим платформасига 21 мингдан ортиқ электрон контентлар (видеомаъруза, аудио, электрон адабиётлар, казус материаллар) жойлаштирилди.

Шунингдек, баҳолаш жараёни ҳам тўлиқ шаффоф бўлиш учун назорат ишлари электрон тизим орқали топширилиб, баҳоланмоқда. Мазкур тизимда назорат ёзма ишлари талаба томонидан электрон шаклда топширилади, яъни тизимга юкланиб ундан сўнг автоматик равишда шифрланади ва тегишли кафедрага текшириш учун электрон шаклда жўнатилади. Кафедраларда мазкур ишлар профессор-ўқитувчилар ўртасида тақсимланиб тизимнинг ўзида текширилади, баҳоланади ҳамда қўйилган баҳо юзасидан (нима сабабдан шундай баҳолангани ҳамда талаба қандай камчиликларга йўл қўйгани) шарҳ ёзилади. Текширилган ишнинг баҳоси ва ишга ёзилган тақризни талаба шахсий кабинети орқали кўриб боради.

Таъкидлаш жоиз, талабаларни академик ҳалолликка ўргатиш, муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза қилинишини таъминлаш, ҳақиқий таҳлил қилиш ва тадқиқот ўтказиш қобилиятини шакллантириш мақсадида энг етук хорижий университетлар тажрибаси асосида Тошкент давлат юридик университетининг академик ҳалоллик талаблари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ушбу талабларни таъминлаш мақсадида “Turnitin” антиплагиат тизими жорий қилинди. Эндиликда ҳар бир талаба, тадқиқотчи, ўқитувчи ёзма ишларни, мақола ва диссертацияларни мазкур тизим орқали текшириш имкониятига эга бўлди.

Яна бир янгилик — университет электрон кутубхонаси ҳам ташкил этилиб, унда 10 мингдан зиёд манбалар жойлаштирилган, ҳуқуқшунослар учун мўлжалланган WestLaw, LexisNexis ва JSTOR халқаро маълумотлар базаларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Университет томонидан янги авлод дарсликларини яратиш режаси асосида янги ишлаб чиқилган талаблар, хорижий адабиётлар намуналари асосида ҳамда хорижий профессорларни жалб этган ҳолда дарсликлар тайёрлаш ишлари йўлга қўйилди. Оксфорд ва Кембридж каби хорижий нашриётлар билан шартнома тузилиб, уларнинг энг машҳур ҳуқуқий адабиётлари ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилмоқда.

Тошкент давлат юридик университетида ўқув жараёнини амалиёт билан боғлашга ҳам катта эътибор берилиб, талабалар учун амалиёт клублари ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Интеллектуал мулк агентлигида амалиёт кафедралари очилиб, ушбу ташкилот вакиллари томонидан тизимли равишда ўқув машғулотларини олиб бориш, сайёр суд мажлисларини ўтказиш, суд мажлисларига талабалар ташрифини уюштириш амалиёти йўлга қўйилди.

Ўқув жараёнини замонавий шакл ва усулларни қўллаган ҳолда ташкил этиш мақсадида Тошкент давлат юридик университети томонидан етук хорижий университетлар, хусусан, АҚШ, Буюк Британия ва Европа университетлари тажрибаси ўрганилди, уларнинг мутахассислари иштирокида тренинглар ўтказилди, университет битирувчиларини хорижий университетларга малака ошириш ва магистратурага ўқишга юбориш тизими йўлга қўйилди.

Бунинг натижасида профессор-ўқитувчилар таркибидан замонавий фикрлайдиган, ўқув жараёнида интерактив ҳамда амалиёт билан боғлаган ҳолда ўқитиш усулларини қўллай оладиган педагоглар захираси шакллантирилиб, улар ёрдамида қолган педагогларни малака ва кўникмаларини ошириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу каби ўқув жараёнидаги ўзгаришлар талабалар учун барча зарур шарт-шароитлар яратиш, мустақил таълимни сифатли ва юқори савияда ташкил этиш, ўқув жараёнини амалиёт билан узвийлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда айтиш керак, юқоридаги ишлар университет олдига қўйган вазифаларнинг бир қисми холос. Бироқ биз ўқув жараёнини замонавий педагогик технологик талабалар асосида ташкил этиш билан бирга ушбу жараёнда талабаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри англаши, ўқишга масъулият билан ёндашишини талаб этсак, кўзлаган натижага эришишимиз мумкин. Бу эса талабада ўқишга бўлган тўғри муносабатни шакллантиришни талаб этади.

Хусусан, талаба ўқиш, биринчи навбатда, ўзи учун кераклигини, етук мутахассис бўлиб етишиши учун ўз устида ишлаши, ўқиши ва изланиши, таълим муассасасидан, унга дарсга кираётган ўқитувчидан буни талаб қилиши зарур. Яъни талабани мажбурлаб ўқитиш, уни аудиторияга мажбурлаб киритиш, уни устидан қатъий назорат ўрнатиш эмас, уни ўқишга қизиқтириш, билим беришга ҳаракат қилиш ва ундан шунга яраша жавоб олиш, ўқиш унинг ўзи учун кераклигини англатиш лозим.

Мухтасар айтганда, таълим берувчи ва таълим олувчининг ўзаро муносабатини тўғри ташкил этилиши, янги замонавий ўқитиш методикасининг қўлланилиши таълим сифатини таъминлашга, замон талабларига мос ва барча зарур компетенцияларни эгаллаган халқаро даражада рақобатбардош юқори малакали кадрлар тайёрлаш имкониятини яратади.

Исломбек РУСТАМБЕКОВ,
ТДЮУ ўқув ишлари бўйича проректори,
юридик фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер