Ҳунари борнинг ўрни бор

11:19 07 Июнь 2021 Жамият
625 0

Меҳнат қилган элда азиз. Бунга ўзимнинг ҳаётий фаолиятим давомида кўп бора гувоҳ бўлганман. Қарийб ўн йилдан буён мустақил равишда ҳунармандчилик билан шуғулланаётган бўлсам, каштадўзлик ортидан нафақат юртимиз сарҳадлари, балки бир қатор хорижий, жумладан БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари ўндан зиёд мамлакатларда ташкил этилган кўргазма ва танловларда қатнашиб, ўз маҳсулотларимни намойиш этдим. Қолаверса, шу кунга қадар 300 нафарга яқин шогирдлар тайёрладим.

Мен асосан миллий каштачилик билан шуғулланаман. Тиккан совғабоп буюмларимиз, сўзана палаклари, ёстиқ жилдлари, дастурхон, парда, аёллар кийимлари, кашталар, чопон, сумка, ипак матоларга тикилган нақшинкор ҳамёнлар юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг яқинлари учун сотиб оладиган энг севимли совғаси, десам хато қилмайман. Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, айниқса унинг йўқолиб бораёзган турларини қайта тиклаш, анъаналар бардавомлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пойтахтимизда ташкил этилаётган «Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мавзусидаги Халқаро форуми ҳам ана шундай улуғ ишларнинг давомидир. Мен ҳам ушбу Форумда иштирок этиб, хорижлик ҳунарманд аёллар билан танишиш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконияти туғилаётганидан хурсандман. Ўйлайманки, ушбу анжуман мен ва мен сингари ҳунар эгаларига катта имкониятлар эшигини очади. Унда Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистоннинг етакчи ва тадбиркор аёллари ҳам иштирок этаётгани биз учун катта маҳорат мактаби бўлиши шубҳасиз. Тадбирлар давомида имкон топиб, хорижлик ҳунармандларни Олмазор тумани Ғани Аъзамов маҳалласида ташкил этилган «Каштачилик маркази»га таклиф этиш ва у ерда ҳунарманд аёллар учун яратилаётган шарт-шароитлар билан таништириш ниятим бор. Айни пайтда бу ерда ўнлаб уй бекалари ҳунармандчилик сирларини ўрганиб, касаначилик билан шуғулланишмоқда.

Мақсадим, миллий каштачилик буюмлари билан дунё бўйлаб бўлиб ўтаётган миллий хунармандчилик кўргазмалари, танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, ўзбекистонлик ҳунарманд аёлларнинг кенг имкониятларини халқаро анжуманларда оммага кўрсатиш, тарғиб этиш ва ривожлантиришда ўз ҳиссамни қўшишдир.

Насиба ИСЪҲОҚОВА,
«Шуҳрат» медали соҳибаси,
«Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер