Ҳунар – туганмас хазина
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилояти Бағдод туманида фаолият юритаётган “Zolotaya dolina” масъулияти чекланган жамиятида ҳунармандчилик маҳсулотлари, хусусан, сават ва челак экспорти йўлга қўйилган.
Корхона иш юритувчиси Насрулло Ғозиевнинг маълум қилишича, айни пайтда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги савдо ҳамкорларига ҳар ойда 10 минг дона челак юборилмоқда. Ўзаро келишув асосида 500 дона сават ҳам тайёрлаб қўйилди. Шу билан бирга 7 минг дона сават учун хориждан буюртма бор.

— Айни пайтда маҳалламиздаги ушбу корхона фаолиятини кенгайтириш, доимий иш ўринларини кўпайтиришни мақсад қилганмиз, — дейди «Чекхитой» МФЙда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчиси Нурматжон Ғозиев. — Саватсозликни йўлга қўйиш учун биринчи навбатда хомашё манбаини яратиш керак. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш учун маҳалламиз аҳолисига жами 10 гектар ер тақсимлаб берилиши кутилмоқда. Тадбиркорлар билан келишиб ана шу ер майдонларида Америка ва Хитой толи қаламчаларини экишни режалаштиряпмиз. Сават тўқиш учун толнинг худди шу нави парвариш қилинади ва толь навдалари бир йилда пишиб етилади.
Шу тариқа маҳаллада саватсозликни ривожлантириш орқали камида юзта хонадон учун қўшимча даромад манбаини яратиш мумкин. Челак тайёрлаш билан эса 10 нафар ҳунарманд йилнинг тўрт фаслида ҳам банд бўлади.
Бағдод туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов мазкур маҳаллада бўлиб, экспортёр корхона фаолияти билан яқиндан танишар экан, хорижга юборилаётган маҳсулотларни тайёрлашда маҳаллий ҳунармандлар улушини ошириш лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида келишиб олинди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг