"Human" хусусий бандлик агентлиги томонидан фуқароларга 21 млрд. сўмдан зиёд зарар етказилгани маълум бўлди
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Тергов департаменти томонидан “HUMAN хусусий бандлик Агентлиги” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда содир этилган фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари якунланди.
Маълумки, жамият раҳбари Ш.Файзуллаевга ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, у шу йил 20 сентябрь куни қамоққа олинганди.
Тергов жараёнида 1000 дан ортиқ фуқаро жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилди ҳамда уларга жами жамият томонидан 21 млрд. сўмдан зиёд зарар етказилганлиги аниқланди.
Дастлабки тергов давомида Ш.З.Файзуллаевга тегишли бўлган хонадонлар, автомашиналар олинган бўлиб, улар 6 млрд. сўмдан ортиқроқ нархга баҳоланган, бундан ташқари жамият офисида ва бошқа жойларда бўлган мол-мулклар ҳам хатланиб, 350 млн. сўмдан зиёд нархга баҳоланган.
Шунингдек, зарарни қоплаш мақсадида Ш.Файзуллаев томонидан турли хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилиб, келиб чиқишига қонуний тус берилган 1,5 млрд сўмга яқин пул маблағлари хатланиб, ИИВ ҳузуридаги депозит ҳисоб рақамига топширилган. Ушбу мол-мулклар кейинчалик суднинг қонуний қарори билан сотилиб, депозитдаги пул маблағларига қўшилиб, жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун қайтарилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, Тергов идораси фуқароларимизга етказилган зарарни тўлиқ қоплаш чораларини кўриш мақсадида олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида “HUMAN хусусий бандлик Агентлиги” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан фуқаролардан олинган жуда кўп миқдордаги жами 15 млрд. сўмга яқин пул маблағлари 11 та хўжалик юритуви суъбектига “турли хил мақсадларда” ўтказилиб, уларни келиб чиқишига қонуний тус берилгани ва қинғир ниятли “тадбиркорлар” ёрдамида нақдлаштирилиб, ўзлаштирилгани аниқланган.
Ҳозирда ушбу сохта тадбиркорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, ўйлаймизки, улардан ушбу пул маблағларини қайтаришга қаратилган барча куч- воситалар ишга солинади ва фуқароларимизга етказилган моддий зарарни қоплаш чоралари кўрилади.
2019 йил 7 декабрь куни Ш.З.Файзуллаевга нисбатан эълон қилинган айблов жиноят кодексининг фирибгарлик, савдо қоидаларини бузиш, расмий ҳужжатларни қасддан нобуд қилиш, сохта тадбиркорлик, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва нодавлат тижорат ташкилоти мансабдор шахси томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш жиноятлари учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан тўлдирилган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосаси тузилиб, айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли суд идорасига мазмунан кўриб чиқиш учун бериш мақсадида прокуратура идорасига юборилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг