Ҳудудлараро тажриба алмашинуви: Кенгашлар фаолиятида янги босқич

16:17 08 Апрель 2026 Жамият
277 0

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сонли Фармони билан тасдиқланган 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ижроси доирасида маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги суръат касб этмоқда.

Шу кунларда халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши раиси Уктамжон Ахунов бошчилигидаги делегация айнан мана шундай тажриба алмашиш мақсадида Жиззах вилоятида бўлди. Ташриф доирасида меҳмонларни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев қабул қилиб, икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорлик нафақат ижроия ҳокимияти, балки вакиллик органлари йўналишида ҳам муҳим натижалар беришини таъкидлади.

Учрашувлар давомида депутатлар ва котибият мудирлари сессиялар ва комиссия мажлисларини ўтказишнинг замонавий тажрибалари, ижро ҳокимияти устидан депутатлик назоратини самарали ташкил этиш, сайловчилар муаммоларини бевосита маҳаллабай ҳал этиш механизмлари бўйича Жиззах тажрибасини ўрганишди.

Таъкидлаш жоизки, 2025 йилда бошланган ушбу амалий мулоқотлар 2026 йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – аҳоли муаммоларини тезкор ҳал этишда депутатлик корпусининг масъулиятини кучайтириш ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишдир.

Толибжон ЭРГАШЕВ,“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер