Ҳоким берган ваъдасини бажарди
Фото: Халқ сўзи
Бундан бир неча ой муқаддам Вобкент туманида Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов ёшлар билан учрашиб, уларнинг мақсад ва истаклари, муаммо ва ташвишларини яқиндан ўрганган эди. Ўша мулоқотда ёш иштирокчилардан бири Вобкент туманида Ёшлар маркази очишга эҳтиёж борлиги хусусида тўхталган, ўз навбатида вилоят раҳбари бу таклифни қўллаб-қувватлаб, тез орада туманда шундай маскан барпо этилишини билдирганди.

Ҳоким берган ваъдасининг устидан чиқди. Мустақиллик байрами арафасида Вобкентда Ёшлар маркази ўз фаолиятини бошлади. Вилоят Ёшлар жамғармасидан ажратилган маблағ эвазига реконструкция қилинган бино замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Бу ерда ёшлар бизнес лойиҳалар тайёрлаш, IT соҳасидаги билимларини ошириш, бир сўз билан айтганда, вақтларини мазмунли ўтказиш имконига эгалар. Марказнинг тантанали очилиш маросими шу боисдан вобкентлик ёшларга бир олам қувонч бағишлади.
Маълумотларга караганда, ҳозир Вобкент туманида 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар сони 76 минг нафардан зиёдни ташкил этади.
Истам Иброҳимов, «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг