Ҳисор давлат қўриқхонасида қор барси 10 йилдан бери илк бор кўриниш берди
5 июнь — Бутун жаҳон атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан «Биологик хилма хилликни муҳофаза қилиш» шиори остида Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида медиатур ташкил этилди.
Ҳисор давлат қўриқхонаси 1983 йилда Қашқадарё вилоятидаги икки мустақил Мираки ва Қизилсув қўриқхоналарининг бирлаштирилиши натижасида, Ҳисор тоғ тизмаларининг жанубий-шарқий қисмидаги табиий комплексларнинг типик участкаларини асл холида муҳофаза қилиш, улардаги табиий жараёнларнинг боришини ўрганиш хамда шу ҳудудда йўқолиб бораётган флора ва фауна вакилларини сақлаб қолиш мақсадида ташкил қилинган бўлиб, Ўзбекистоннинг жанубий-шарқий қисми, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағирларида, денгиз сатҳидан 1750 метрдан 4421 метргача баландликда жойлашган.
Тадбир иштирокчилари қўриқхонада ўсимлик ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Бугунги кунда қўриқхонада 1500 та умуртқасиз ҳайвонлар, судралиб юрувчилардан илонларнинг 10 тури, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қўнғир айиқ, Ўрта Осиё қор қоплони, Туркистон силовсини каби ҳайвонлар ҳамда минг дан ортиқ ўсимлик турлари бор.
Қўриқхона илмий ходими Бахтиёр Оромовнинг таъкидлашича ўсимликларнинг 200дан ортиғи доривор гиёҳларни ташкил этади. Қўриқхонада яшаётган ҳайвонот оламининг ҳаёт тарзини ўрганиш мақсадида видеокамералар қўйилган бўлиб, 10 йилдан бери кўриниш бермаётган қор барси илк марта кўриниш берди. Шу кунгача қор барсининг 3 та боласи ҳамда 2 та она қор барси видеосъёмкада кўринган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳар йили 5 июнь кунини Бутунжаҳон атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида нишонлашдан мақсад бутун жаҳон ҳамжамияти эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларига жалб қилишдан иборат. Мазкур байрам 1972 йил 5 июнда атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Стокгольмда ўтказилган конференция резолюциясига асосан қабул қилинган бўлиб, бу куннинг нишонланиши ҳар бир инсонни атроф муҳитни муҳофаза қилиш учун ўз ҳиссасини қўшишга даъват этади.
Қашқадарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизматининг таъкидлашича Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида ўтказилган медиатурдан кўзланган асосий мақсад диёримизнинг гўзал бетакрор табиати, доривор кўзни қамаштирадиган ўсимлик олами ва ноёб ҳайвонот оламини фуқароларга кўрсатиш ҳамда бу билан она табиатга атроф муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш туйғусини шакллантиришдан иборат.
Аҳад Муҳаммадиев,
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг