Ҳиндистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 30 минг нафардан ошди
24 июль жума куни Ҳиндистонда коронавирусдан вафот этганлар сони Францийадагидан ошиб кетди ва 30 601 кишига етди. Эндиликда Ҳиндистон коронавирус қурбонлари сони бўйича дунёда АҚШ, Бразилия, Британия, Мексика ва Италиядан кейинги олтинчи ўринга кўтарилди.
Шунингдек, Ҳиндистонда ўтган бир кеча кундузда 50 мингга яқин кишига коронавирус ташхиси қўйилди. Бу билан мамлакатда CОVID-19 ташхиси қўйилганлар 1.3 миллиондан ошиб кетди. Айни пайтда Ҳиндистон коронавирусни юқтириб олганлар сони бўйича дунёда АҚШ ва Бразилиядан кейинги учинчи ўринда турибди.
Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда ўтган сутка давомида 740 кишининг коронавирус сабаб дунёдан ўтгани қайд этилди ва 49 310 кишининг бу вирусга чалингани аниқланди.
Аммо экспертлар Ҳиндистонда коронавирусни текшириш миқдори камлиги учун касалланганларнинг ҳақиқий сони расмий статистикадан анча юқори бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Масалан, шу ҳафтада ҳукумат назорати остида олиб борилган одамлардаги коронавирусга қарши антитаналарни аниқлаш текширувлари шуни кўрсатмоқдаки, пойтахт Нью-Деҳли аҳолисининг деярли 25 фоизи вирусга чалинган. Бу эса тақдим этилган расмий рақамлардан қарийб 40 баравар кўп деганидир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг