Ҳиндистон ва ЕИ Афғонистонда ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирди

13:22 11 Май 2021 Дунё
1216 0

Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи Афғонистонда ўт очишни зудлик билан ялпи тўхтатишга чақирди. Жанговар ҳаракатларни сўзсиз тўхтатиш Афғонистонда тинчлик жараёни учун зарур шароитлар яратилишида муҳим эканлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, Лондонда бўлиб ўтган G7 учрашувлари арафасида Ҳиндистон ташқи ишлар вазири С. Жайшанкар ва ЕИнинг ташқи ишлар бўйича олий вакили Хосеп Боррелл ўртасидаги музокараларда афғон диёрида тинчлик жараёни билан боғлиқ масала асосий мавзуга айланган. Шу бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда террорчилик гуруҳлари Афғонистон заминидан Ҳиндистон ва ЕИ хавфсизлигига таҳдид сифатида фойдаланмаслигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Унда айтилишича, муваффақиятли тинчлик жараёнини олиб боришда «Толибон»дан сиёсий ечим топишга жиддий содиқликни намоён этган ҳолда виждонан ҳаракат қилиш талаб этилади.

«Ташқи ишлар идоралари расмийлари Жайшанкар ва Боррелл Афғонистон миллий кучлари ҳамда фуқароларига қарши содир этилган зўравонликларни, шунингдек, инсон ҳуқуқлари фаоллари, ОАВ вакиллари ва уламоларнинг аниқ мақсадга қаратилган ҳолда ўлдирилиши ҳолатларини биргаликда қоралашди» дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳар икки томон ҳам ҳар қандай террорчилик ҳаракатини қаттиқ қоралайди ва барча шакл ҳамда кўринишдаги терроризмга, жумладан, уни молиялаштиришга қарши кураш, террорчилик инфратузилмаларини йўқ қилиш ва радикаллашувни бартараф этишга қатъий содиқдир.

Қайд этилишича, Афғонистон хавфсизлиги минтақа хавфсизлиги билан бевосита боғлиқдир. 

Улар бошқаларни ҳам Афғонистоннинг миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирар экан, ялпи тинчлик жараёнини афғонлар бошчилигида ва афғонлар томонидан амалга оширилишини қатъий қўллаб-қувватлашлари, бундай ёндашувлари ўзгармас эканлигига яна бир бор урғу беришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер