Ҳиндистон олий таълим муассасалари ва Ўзбекистон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик кўлами янада кенгаяди
Маълумки, сўнгги бир неча йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида кўплаб йўналишлардаги ҳамкорлик муносабатлари тобора ривож топмоқда. Хусусан, таълим соҳаси бунга яққол мисол бўла олади.
Бу борадаги амалий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш мақсадида мамлакатимизнинг Деҳлидаги Элчихонасида Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида жойлашган «Интеграл» университети проректори Сайид Надим Ахтар билан музокара ўтказилди.

«Интеграл» университети 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, ўтган қисқа вақт давомида мамлакатдаги етакчи олий таълим муассасалари қаторидан жой олган. Ҳиндистон Фан ва технологиялар вазирлиги томонидан ушбу университет Илм-фан ва саноат тадқиқоти институти сифатида тан олинган. Айни вақтда университетда 12 мингдан ортиқ талаба, шу жумладан, 10 дан ортиқ хорижий давлатлардан келган ёшлар таҳсил олмоқда. Университетда 14 та факультет ва 50 га яқин кафедра фаолият юритади.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида таълим, илм-фан соҳаларида ҳамкорлик учун мавжуд улкан салоҳият эътироф этилди. «Интеграл» университети вакилларига Ўзбекистонда таълим тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан бу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истагида бўлган ҳамкорлар учун мамлакатимиз вилоятларидаги тақдим этилаётган имтиёз ва имкониятлар тўғрисида маълумотлар етказилди.
«Интеграл» университети вакиллари билан ўзаро талабалар алмашиш, қўшма факультетлар очиш, ва университетнинг Ўзбекистон вилоятларидан бирида филиалини ташкил қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда келишилган йўналишларда амалий ҳамкорликни бошлаш учун яқин кунларда «Интеграл» университети ва Бухоро вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари билан онлайн мулоқотлар ташкил этишга келишилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг