Ҳаётингизни хавф остига қўйманг!
Фото: Халқ сўзи
Бугунги кунда республикамизда аҳолига фармацевтика маҳсулотларини етказиб беришда амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳар доимгидан ортган. Зотан, ҳар қадамда учрайдиган дорихоналарда бир сония бўлсин, савдо тинмайди. Бироқ, айрим дори воситалари ҳам борки, мамлакатимизда уларнинг савдоси чекланган. Шундай бўлишига қарамай, баъзан бу турдаги маҳсулотларни топиш мумкин. Нега? Қандай қилиб? Сифати кафолатланмаган, инсон ҳаёти учун хавфлилик даражаси ортиқ бўлган дориларнинг ноқонуний айланмаси қандай юзага келмоқда?
Андижон вилоят божхона бошқармасининг маълум қилишича, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, шу кунгача 6212 дона дориларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди. Хусусан, Олтинкўл туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро С.С. бошқарувидаги «Lacetti» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада автомашинада сифатини ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 970 дона «Тропикамид», 4032 дона «Регапен», 350 дона «Карбамазенин» ҳамда 960 дона «Тауфон табс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Уларнинг умумий қиймати 220 млн. сўмни ташкил қилади.

Андижон шаҳрида эса фуқаро О.У.га тегишли бўлган «Дамас» русумли автотранспорт воситасида 125 миллион сўмлик 4810 дона «Конвулекс 500мг» номли сифати кафолатланмаган дори воситалари мавжуд эканлиги аниқланди. Ҳозирда бу маҳсулотлар қаердан олингани, республикамиз ҳудудига қай тартибга кириб келгани юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
— Бугунги кунда инсонлар саломатлигини асраш учун ҳар қачонгидан долзарбдир, — дейди андижонлик фармацевт Қодиржон Хўжамбердиев. — Саломатлик учун хавфли бўлган дори воситалардан фойдаланишда биринчи ўринда беморларнинг ўзлари ҳимояланиши лозим. Улар ўз саломатлиги учун, аввало, ўзи масъул эканини тўлиқ ҳис этмас экан, бундай дори воситаларининг ноқонуний савдо айланмаси давом этаверади.
Тириклик — инсон учун бебаҳо неъмат. Саломатлик эса қиёси йўқ бойлик эканини пандемия даврида янада чуқурроқ англадик. Шундай экан, ҳаётимизни хавфли дори воситаларига ишониб топширишга ҳаққимиз йўқ.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг