Ҳаёт йўли — чинакам ибрат мактаби
“Халқ сўзи ONLINE”
Кейинги йилларда барча соҳада бўлгани каби таълим тизимида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Иқтисодий ривожланиш ва унинг барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлган салоҳиятли мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, хорижий давлатлар етакчи олий таълим муассасаларининг филиаллари, қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрловчи таълим тизими вужудга келиши натижасида қабул квоталари сони ҳам йилдан-йилга ортиб бораётир.
Мамлакатимизда хорижий олий таълим муассасалари филиалларининг ташкил этилиши бўйича илк қадамлар ҳақида гапирганда, иқтисодчи олим, академик Қаландар Абдураҳмонов ҳақида тўхталиш ўринли бўлади. Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ташкил этилиши иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари бўйича кадрлар етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга.
1995 йилда очилган мазкур филиал мустақил Ўзбекистондаги илк хорижий олий таълим муассасаси ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида ушбу муассасани 3 518 нафар жаҳон даражасидаги юқори малакали иқтисодчи кадр, шу жумладан, 2 718 бакалавр ҳамда 800 магистр битириб чиқиб, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларида самарали фаолият олиб боряпти. Таълим муассасасида иқтисодиёт, бизнес ва молия факультетлари, 6 та кафедра мавжуд. Филиалда “Аҳолишунослик ва меҳнат иқтисодиёти”, “Иқтисодий назария”, “Молия ва кредит” -илмий мактаблари фаолияти йўлга қўйилган.
Инсон қадри улуғланган юртда яшаймиз, ҳеч бир меҳнат эътибордан четда қолмайди. Бу мамлакатимиз мустақиллиги байрами ¬арафасида яна бир бор намоён бўлади.
Президентимиз Фармонига кўра, “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлар орасида академик ¬Қаландар Абдураҳмоновнинг ҳам борлиги қувончли ҳолат, албатта.
Меҳнат иқтисодиёти бўйича илмий мактаб яратган етакчи иқтисодчи олим бугунгача ўндан ортиқ фан докторлари, йигирмадан зиёд фан номзодларига илмий раҳбарлик қилди. У кишининг юзлаб илмий ишлари, дарс¬лик ва ўқув қўлланмалари соҳада кадрлар тайёрлаш жараёнига муносиб ҳисса бўлиб хизмат қи¬лаётир. Меҳнат бозори ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат иқтисодиёти, меҳнатни илмий ташкил этиш ва меъёрлаш, Ўзбекистонда меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда уни бошқариш, меҳнат социологияси, персонални бошқариш каби меҳнат иқтисодиётининг ¬бошқа долзарб муаммолари у кишининг илмий асарларида кенг ¬тадқиқ қилиниб, турли хорижий тилларда нашр этилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Академик олимнинг илмий асарлари дунёнинг нуфузли нашриётлари эътиборига тушган бўлиб, ¬инглиз ва рус тилларида ҳам чоп этиб келинмоқда. Жумладан, Лондонда жойлашган “Scientific Publishing House IVG” ноширлик уйи Қаландар Абдураҳмоновнинг “Labour Economics Theory and Practice” (“Меҳнат иқтисодиёти: назария ва амалиёт”) дарслигини нашрдан чиқарди. Ушбу дарсликда стратегик тараққиётнинг ривожланиш жараёнида шаклланаётган инновацион ҳамда рақамли иқтисодиётда меҳнат муносабатлари, меҳнат бозорининг хусусиятлари, иш билан виртуал бандлик ва масофадан туриб ишлаш, иш билан бандликнинг барқарор шакллари ҳақида тушунчалар берилган.
Ҳар бир оиланинг тадбиркор бўлиши, мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, меҳнатга бўлган рағбат, мотивация ва иш ҳақи, “ақлли иқтисодиёт”, “ис¬теъмол саватчаси”, “муносиб меҳнат” каби энг замонавий билимлар кенг ёритилган. Мамлакатимизнинг меҳнат муносабатлари соҳасида улкан ўзгаришлар жараёнларини ўз кўзи билан кўриб, уларда бевосита иштирок этиб, бошқалардан кўра холис ҳамда ҳаққоний баҳо бериш имконига эга ўзбек олимининг бу борадаги фикр ва хулосалари эса, хорижликларнинг қизиқишини янада оширмоқда.
Қаландар Абдураҳмонов узоқ йиллардан буён меҳнат соҳасининг турли аспектларини назарий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиб келаётган етакчи олимлардан. Кўп йиллик самарали меҳнатлари натижасида иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Халқаро Бирлашган Фанлар академиясининг аъзоси, РТФА (Россия) ҳамда Нью-Йорк (АҚШ) академиялари академиги, Индонезиянинг Гунадарма университети фахрий доктори илмий унвонларига, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Россия Федерациясининг “Пушкин” медали ва “Дўстлик” ордени давлат ¬мукофотларига лойиқ топилган.
Умуман, Қ. Абдураҳмонов мамлакатимиз илм-фани, иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, ёш авлодни она юртга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш йўлида билимини аямайдиган фидойи инсонлардан бири. Келгусида бу борадаги ишларида янада фаол ва ташаббускор бўлишига ишонамиз.
Нодир ЖУМАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг