Ҳассос ва ҳокисор ижодкорнинг бебаҳо мероси

17:53 24 Ноябрь 2021 Жамият
967 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона азалдан чинакам иқтидорли, улкан қалб эгалари бўлган ижодкор фарзандлари билан миллий адабиётимизда алоҳида ўрин тутиб келади. Ўзбекистон халқ шоири, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби Охунжон Ҳакимов том маънода халқимиз ҳурматига сазовор бўлган ижодкор эди. Шу боис устоз ижодкор бугун орамизда йўқ бўлса-да, бой ижодий мероси орқали халқимизнинг ардоғида ўзининг иккинчи умрини яшамоқда.

Фарғона вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган Ўзбекистон халқ шоири ва журналист Охунжон Ҳакимов хотира кечасида ҳассос ва ҳокисор ижодкорнинг бетакрор ижодий мероси, инсоний фазилатлари ёдга олинди.

Фарғона туманининг Аввал қишлоғида шоирнинг зилол сувли ариқлари зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган, гилос, шафтоли, ўрик мевалари шарбатга тўлган мевазор боғида мароқли суҳбат бўлиб ўтди. Қувонарлиси, шоир бир умр яшаб ўтган кўчага ҳамюртлар таклифи билан яқинда Охунжон Ҳакимов номи берилди. Таниқли ижодкорлар иштирокида шу куни шоир яшаб ўтган хонадонга ўрнатилган “Бу уйда журналист, Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов яшаган” лавҳаси гулдурос қарсаклар остида очилди. Устоз ижодкорлар, шоирнинг қадрдон шогирдлари, маҳалла аҳли яна бир бор элу юрт маърифати, манфаати йўлида сидқидилдан қилинган меҳнат асло унутилмаслигини таъкидладилар.

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган хотира кечасида Охунжон Ҳакимовнинг қарийб 30 йиллик журналистик фаолияти, таҳлилий-танқидий мавзудаги мақолалари, фелъетонлари, публицистикаси, шеърияти, драмалари, ҳажвиялари, насрий асарларидаги ўзига хос услублар, адолат ва ҳақиқат учун курашда эътиқодда собитлиги сингари фазилатлари хусусида сўз юритилди. Оддий ва самимий ҳаёт тарзи, камтарлиги, оилапарварлиги барчамиз учун ибрат намунаси эканлиги айтиб ўтилди.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер