Ҳашар ихтиёрий кўмакми ёки мажбурий меҳнат?
Суюндик Мамиров/«Халқ сўзи». Эътибор берган бўлсангиз, сўнгги пайтларда ҳашардан гап очилса, «Ахир бу мажбурий меҳнатку» деб эътироз билдирадиган билағонлар кўпайиб кетди. Ижтимоий тармоқларда шанбаликка жалб этилган турли соҳа вакиллари ҳақида қанчадан-қанча видеотасвирлар тарқатилди ва улар обдон муҳокама қилинди. Шундан ҳам аён бўладики, юртдошларимиз ҳашарга эмас, мажбурий меҳнатга қарши. Ҳа, бу икки тушунчани бир-бирига аралаштириб юбориш мантиқан нотўғри.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 5-моддасига кўра, мажбурий меҳнат бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.
Жазо деганда жисмоний шахснинг ихтиёрий розилиги мавжуд бўлмагани ҳолда, ушбу шахсга нисбатан уни меҳнат фаолиятини амалга оширишга мажбур қиладиган ҳар қандай моддий, жисмоний ёки руҳий таъсир чораларини қўллаш ёки қўллаш таҳдиди тушунилади.
Албатта, биз яқин ўтмишда ҳашар йўли билан юртимизда каналлар қазилиб, боғ-роғлар барпо этилганини, йўллар, кўприклар қурилиб, йўловчиларга қулайлик яратилганини, масканлар ободонлаштирилиб, чиройли гўшага айлантирилганини бугун мажбурий меҳнатга йўйиб ўтирсак инсофдан бўлмайди. Айтайлик, 1939 йил август ойида бошланган Катта Фарғона канали қурилиши ҳашар йўли билан 45 кунда бунёд этилганидан ҳамон фахрланамиз. Кўпчилик севиб томоша қиладиган «Суюнчи» фильмида Анзират буви қишлоқ кўприги қурилишига бош-қош бўлгани, унда ҳатто хўжалик раиси «Ҳашарга келдик» деб иштирок этгани бежиз тасвирга муҳрланмаган. Халқимизнинг ҳамжиҳатлик, аҳиллик, меҳр-оқибат, саховат ва мурувват каби фазилатларини ўзида мужассам этган ҳашар барчага меҳнат завқини бағишлайди.
Миллий менталитетимизда жамоавийлик хусусияти устун бўлгани сабабли маҳалла оқсоқоллари ҳашарга чорлаганда ҳеч ким ўзини четга олмайди, эл хизматига камарбаста бўлишига интилади, баҳоли қудрат кўмаклашишни ўзининг бурчи деб билади. Шаҳару қишлоқларимизни ободонлаштириш, кўчаларини саранжом-саришта қилишда ҳам ҳашар муҳим аҳамият касб этади. Ахир «Бу фалон ташкилот ходимларининг иши, улар шунга яраша маош олади» дейиш билан иш битмайди. Шу ҳудудда ўзимиз яшаймиз, фарзандларимиз, набираларимиз ўсиб-улғаяди, демак, унинг обод бўлишига ҳисса қўшишимиз зарур.
Бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишда ҳикмат кўп. Ҳашар одамлар орасида аҳиллик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди. Шу тарзда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги инсонлар, ёлғиз қарияларга моддий ёрдамлар берилади. Ойлаб битказиш қийин бўлган катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишларини кўпчилик ҳашар йўли билан қисқа фурсатда уддалайди.
Элимизда байрамлар, катта тадбирлар олдидан ҳашар уюштириш анъанага айланди. Бу барча-барча — кексаю ёшга кўтаринки кайфият, яратувчанлик иштиёқини бахш этади.
Хабарингиз бор, мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида «Маҳалла обод — юрт обод» шиори остида 24-25 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари, зиёратгоҳлар ва бошқа масканларни ободонлаштиришга, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатишга қаратилди. Ҳашарнинг биринчи куниёқ 15 372 гектардан ортиқ майдонлар ободонлаштирилгани, 10 964 та кам таъминланган оиланинг уй-жойлари таъмирлангани, 18 минг 431 та эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам берилгани ва бошқа хайрли ишлар амалга оширилгани эътирофга молик.
Мухтасар айтганда, илдизи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган, мазмун-моҳиятида аҳиллик, меҳр-оқибат, беминнат кўмак, хайру саховат каби фазилатлар мужассам бўлган ҳашар эзгу қадриятларимизга ҳамоҳанг ва умрбоқийдир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг