Ҳар юз ўзбекистонликда 44 та автомобиль бор — ДСҚ

13:29 02 Октябр 2019 Жамият
957 0

Иллюстратив фото

Бу ҳақда АОКАда “Аҳоли турмуш даражасини баҳолашда танланма кузатувларнинг ўрни” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида тўхталиб ўтилди.

Унда Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Зиядуллаев ва бошқарма бошлиқлари иштирок этишди.

Қайд этилишича, 2018 йил уй хўжаликлари кузатуви натижаларига кўра, Интернет тармоғига уланиш имконияти мавжуд уй хўжаликларининг улуши 80,9 фоизни ташкил этди. Интернетдан фойдаланувчи 10 ёш ва ундан катта шахсларнинг улуши 55,2 фоизни, улардан эркаклар 60,4 фоизни,  аёллар эса 50,2 фоизни ташкил этмоқда. Юзта уй хўжалигида телевизорлар – 155 та, электр чангютгичлар – 55 та, кир ювиш машиналари – 81 та, совутгич ва музлатгичлар – 103 та, шахсий компьютерлар – 52 та, енгил автомобиллар – 44 та, кондиционерлар – 35 та, мобил телефонлар – 262 тага тўғри келмоқда.

Анжуманда мутасаддилар журналистларнинг гўшт истеъмоли борасидаги саволига ҳам жавоб қайтардилар. Қўмита бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Йўлдошевнинг маълумот беришича, ўзбекистонликлар бир йилда ўртача 43,2 килограмм гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилади.

“Бу кўрсатгич кам ёки кўп экани ҳақида бирор нарса дея олмайман. Аммо аҳолининг гўшт истеъмоли қўшни Тожикистон ёки Қирғизистондан кўпроқ. Аммо Россия, Қозоғистон, Озорбойжон ва бошқа Болтиқбўйи давлатлари аҳолисига нисбатан камроқ гўшт истеъмол қиламиз”, — деди Йўлдошев.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер