“Ҳақни айтган хор бўлмас...”
Иллюстратив фото
Ҳар бир инсон истеъмолчи сифатида ўзи истаган, ўзига ёқадиган маҳсулотни танлаш ҳуқуқига эга. Ҳуқуқлари бузилганда эса қонуний ҳимояланиши зарур. Ўзбекистонда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига ва бу ҳужжат амалда қўлланилаётганига йигирма йилдан ошди. Аммо жамиятимизда сотувчи ва исьтемолчи ўртасидаги муаммолар камайганича йўқ. Бунга яна бир мисолни келтирайлик. Истеъмолчи Н.Машарипов Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган тадбиркор И.Тошпўлатовга қарашли савдо дўкони хизматларидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, у жорий йилнинг 14 август кунида Ёзёвон буюм бозорини айланиб, фарзандининг тўйи учун 4 800 000 (тўрт миллион саккиз юз минг) сўмлик мебеллар тўпламини танлайди. Сотувчига мебелнинг пулини тўлиқ олдиндан бериб, манзилга етказиб бериш бўйича келишувга эришади. Лекин орадан икки кун ўтиб хонадонига келтирилган мебелларнинг бошқа рангда ва сифати паст даражалигини кўрган Н.Машарипов бу ҳақда сотувчига мурожаат қилиб, улар танлаган мебелни юбориши, бўлмаса пулини қайтариш талабини қўяди. Лекин сотувчи алмаштириб бермаслигини айтгач, ўзининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши сўраб туман жамиятига мурожаат қилади.
Истеъмолчи мурожаати туман жамиятида тегишли тартибда расмийлаштирилгач, мурожаатни ўрганиш ишлари доирасида сотувчи билан учрашилиб, унга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчининг товарларни эркин танлаш ҳуқуқи ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши, сотувчининг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) натижасида истеъмолчига етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши шартлиги, сотувчи истеъмолчининг товарни алмаштириш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларни бажармаган бўлса, истеъмолчида шартномани бекор қилиш бўйича ҳуқуқлар вужудга келиши каби ҳолатлардан тўғри хулоса чиқарган сотувчи истеъмолчидан унинг норозилигини келтириб чиқарган мебеллар тўпламини қайтариб олиб, олди-сотди амалга оширилган куни танланган сифатли мебеллар тўпламига алмаштириб берди. Бу каби ҳолатлар бугун федерацияга келиб тушаётган мурожаатларда кўп учрамоқда. “Савдогар, иши доим ҳийлагар” деган номга қолмаслик учун ҳам савдогарлар савдо-сотиқда ҳалол бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Ҳар эзгу иш ҳалолликдан бошланади. Истеъмолчи ҳам ўз вақтида ҳақ гапни айтиб, ўз ҳуқуқини талаб этишни унутмаслиги лозим.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг