Ҳафта давомида Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво ва ёғингарчилик кутилмоқда. Қайси кунларда қор ёғиши мумкинлиги ҳам маълум қилинган
Фото: Антон Домненко
«Ўзгидромет» 20—26 январь кунлари Ўзбекистон бўйлаб кузатиладиган об-ҳаво шароитлари ҳақида маълумот берди. Ҳафтанинг турли кунларида ёғингарчилик, ҳароратнинг пасайиши ва кучли шамол кузатилиши прогноз қилинмоқда.
20 январь, душанба куни Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳаво ҳарорати 7-12 даража илиқ, жанубий ҳудудларда баъзи жойларда 15 даражагача илиқ бўлиши прогноз қилинган. Шамол айрим жойларда 15-20 м/с тезликда эсиши мумкин.
21 январь, сешанба куни Республиканинг катта қисмида ёмғир ёғади, шимолий ҳудудларда ёмғир қорга айланади. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучли ёғингарчилик бўлиши мумкин. Фарғона водийсида ёғингарчилик эҳтимоли паст. Ҳарорат кечаси 0-5 даража илиқ, кундузи 5-10 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
22 январь, чоршанба куни Волга бўйидан келадиган совуқ ҳаво массалари сабабли ёғингарчилик бутун республика бўйлаб давом этади. Кўплаб ҳудудларда ёмғир қорга айланади, лекин Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида ёғингарчилик бўлмайди. Ҳарорат кечаси ва кундузи 0-5 даража илиқ бўлади.
23 январь куни фақат марказий ва шарқий ҳудудларда қор ёғиши кутиляпти. Ҳарорат кечаси 2-7, шимолда 8-13 даража совуқ, кундузи 0-5 даражагача совиши мумкин.
24 январь, жума куни ҳеч қандай ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 2-7 даража совуқ, кундузи 2-7 даража илиқ бўлиши тахмин қилинмоқда.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида 20 январь, душанба куни ёғингарчилик бўлмайди, кундузи ҳаво 10-12 даража илиқ бўлади. Сешанба куни ёмғир ёғиши, кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. 22 январь куни ёмғир қўрга айланиши тахмин қилинмоқда. Пайшанба куни кечаси қор ёғиши тахмин қилиняпти. Тошкентда ҳаво ҳарорати ҳафта давомида кечаси 4-6 даража совуқ, кундузи 1 даража совуқдан 1 даража илиққача ўзгаради.
21—23 январь кунлари Республика бўйлаб шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши мумкин, айрим жойларда у 20-23 м/с гача етиши тахмин қилинган. Шунингдек, ҳафта давомида кўплаб ҳудудларда туман тушиши эҳтимоли бор.
Ҳафта давомида республика бўйлаб номунтазам ёғингарчилик ва совуқ ҳаво кузатилади. Фуқароларга иссиқ кийим кийиш, туманли кунларда транспорт воситаларидан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш ва йўл ҳаракат қоидаларига риоя қилиш тавсия қилинади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг