Ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Фото: Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»
«Ўзгидромет» 16-20 март кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.
Унга кўра, ҳафтанинг дастлабки уч кунида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат 17-18 мартда Сурхондарё вилоятида ва 18 мартда Қашқадарё, Самарқанд вилоятларининг баъзи жойларида ёмғир ёғади.
19 мартда республиканинг марказий ва жануби-шарқий ҳудудларида айрим жойларда ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади. 20 март куни эса Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик бўлмайди.
Ушбу даврда ҳаво ҳарорати асосан кечалари 5-10 даража илиқ, кундуз кунлари 15-20 даража илиқ, ёмғир пайтида 13-15 даража илиқ бўлади. Билдирилишича, бундай ҳарорат фони март ойи ўртаси учун ўртача кўп йиллик қийматларга яқиндир.
16-17 март кунлари республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 13-18 метр/секундгача кучайиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 16-18 ва 20 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 19 мартда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат асосан кечалари 5-10 даража илиқ, кундуз кунлари 17-20 даража илиқ, 19 мартда 14-17 даража илиқ бўлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг