Ғузорнинг лой кўчалари қачон равон бўлади?!

12:03 25 Февраль 2019 Жамият
2963 0

Фото: муаллиф олган суратлар.

Ғузор туманида ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан маҳаллаларда уйма-уй юриш ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш давомида аниқланган жами 3 532 та муаммонинг 892 таси йўлларни таъмирлаш билан боғлиқлиги маълум бўлди.

Ўрганиш давомида кўриндики, туманнинг Пачкамар, Эшонқудуқ, Совбоғ, Янгикент, Чаноқ ҳамда Чугуртма маҳаллаларида йиллар давомида ҳал этилмай келаётган муаммолари мавжуд. Мазкур маҳаллада яшовчи аҳолидан маҳаллани туман маркази билан боғловчи ички йўлларнинг таъмирталаблиги, уларда йилнинг қиш ва баҳор ойларида транспорт қатновининг чекланиши, бунинг оқибатида эса маҳаллага тез тиббий ёрдам машинасининг кела олмаслиги ҳақида кўплаб мурожаатлар тушган.

Энг ачинарлиси, маҳаллаларнинг туман марказидан узоқ чекка ҳудудда жойлашганлиги ҳамда тиббиёт муассасаларида малакали шифокорларнинг етишмаслиги оқибатида ҳомиладор аёлларда туғуруқ жараёнида ўлим ҳолатлари ва аҳоли ўртасида турли касалликларнинг сони ортиб бориши кузатилмоқда.

Биз вазиятни яқиндан ўрганиш, ҳақиқий ҳолатни билиш мақсадида тумандаги Совбоғ маҳалласида бўлиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.

— Ички йўллардаги муаммолар туфайли болаларимиз мактабга келиб кетишда қийналишмоқда, — дейди 56-мактаб директори Марғуба Тожиева. — Мактабимиз 160 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозир бу ерда 147 нафар ўқувчи таҳсил олади. Улар мактабга 2 та қишлоқдан, энг узоғи 4 километрдан келиб кетишади.

 

Суҳбатдошимиз мактабдаги иситиш муаммолари ҳақида ҳам айтиб ўтди. Узоқ йўлдан лой кечиб келган болалар совқотиб қолмаслиги учун синфхоналарда қўлбола печлар ўрнатилиб, кўмир ҳамда ўтин билан кун кўришга мажбур бўлишаётган экан. Сабаби, мактабдаги қозонхоналар ички қувурлардаги муаммолар туфайли 4-5 йилдан буён ишлатилмайди.

— Мактабга келадиган йўлларимиз жуда ёмон, болалар лой кечиб келади, — дейди 29-мактаб директори Дилдора Хуррамова. — Бўйрачи, Қумчўп қишлоқларидан уч ярим километр масофани пиёда босиб келишади. Йўлларимиз ёғингарчиликда кўллаб кетади. Ота-оналар болаларини кўтариб ўтказиб қўйишга мажбур бўлишмоқда.

 

 

— Болалар мактабга келиш учун портфелига этик солиб юришга мажбур бўляпти, — дейди Совбоғ маҳалласидаги Сарой қишлоғининг кўчабошиси Тоғаймурод Қулматов. — Ички йўллар ҳақида ҳокимиятга мурожаат қилганмиз, келиб кўриб кетишган, лекин натижа бўлмади. Ўзимиз бир амаллаб қўлда тош териб, пиёда йўлаги қиляпмиз.

Маълумотларга кўра, тумандаги 860 километрлик ички йўлларнинг 60 километри бугунги кунда асфальт ётқизишга, 410 километр тупроқ йўллар эса тўлиқ таъмирланишга муҳтож.

Бугун шу каби йўл муаммосини Ғузордаги қарийб барча қишлоқда учратиш мумкин. Туман аҳли “Йўлларимиз қачон йўлга ўхшайди, бизда ҳам қачон ободончилигу ўзгаришлар бўлади?” дейишмоқда. Балки бу саволга туман мутасаддилари аниқроқ жавоб беришар.

 

 

 

 

 

 

 Аҳад Муҳаммадиев (“Халқ сўзи”).

 

Таҳририятдан: суратлардан ҳам кўриниб турибдики, Ғузорда ҳали йўлсозлик соҳасида қилиниши керак бўлган иш ниҳоятда кўп. Аммо кишини бошқа масала ўйлантиради. Наҳотки ўтган 27 йил мобайнида туманда ички йўлларни яхшилаш борасида биронта ҳам иш қилинмаган бўлса?! Ёки наҳотки бу йўллар шу вақт давомида бирон маротаба ҳам Давлат дастурига киритилмаган бўлса?! Агар киритилган бўлса, унда нега ҳеч қандай иш қилинмаган?! Қачондир бунга кимдир жавоб берадими ёки “ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқ ҳолида” қолиб кетаверадими?!

“Халқ сўзи ONLINE” бу масалага яна қайтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер