Гулистонлик Олтиной Эсонова бу йил ўттиз тўртинчи бор эҳсон сумалак тарқатди
Фото: "Халқ сўзи"
Аҳмадали Шерназаров/«Халқ сўзи». Гулистонлик меҳнат фахрийси, шифокор Олтиной Эсонова 1991 йилдан буён ҳар йили Наврўз арафасида сумалак тайёрлаб, эҳсон сифатида тарқатади.
Олтиной Эсонова анъанага айлантирган бу хайрли ишнинг сабаби айни 90 йилларда юртимизда Наврўз тўла-тўкис тиклангани билан боғлиқ. Олтиной опа айни ана шу азалий ва халқона шодиёнамиз ҳамда у билан боғлиқ эзгу қадриятларимизнинг яна қад ростлаганига шукроналик сифатида ҳар йили қайнонаси ўргатган услубда эҳсон сумалак пиширади. Услуби шуки, сумалакка умуман сув қўшмайди, ёғ ҳам. Буғдой майсасининг шарбати билан кифояланади. «Қозон ҳаққи» деб уч чой қошиқ сариёғ солади, холос.
Олтиной Эсонова намунали оила бекаси. Турмуш ўртоғи Абдусаттор ака ҳам Олтиной опа сингари эл саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилиб, кўпнинг олқишини олган фахрий шифокор. Айтиш лозимки, Олтиной опа бир неча давлат мукофотлари билан тақдирланган, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ҳам сайланган.
Эсоновлар хонадонида бу йил ҳам катта дошқозон осилди ва унда ўттиз тўртинчи марта эҳсон сумалак пиширилиб, элга тарқатилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг