Гулистон давлат университетида Озарбайжоншунослик аудиторияси очилди

14:20 18 Март 2026 Жамият
155 0

Гулистон давлат университетида Озарбайжон халқ шоири Самад Вурғун номидаги Озарбайжоншунослик аудиторияси очилди.

Мазкур аудитория Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ва Гулистон давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилди. Ушбу маърифат масканининг очилиши Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва маданий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Озарбойжоншунослик аудиториясининг очилиш маросимида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази раҳбари Акиф Марифли, Озарбайжон ва Ўзбекистон халқ артисти Гулянақ Маммадова, шунингдек «Казим-Ниджат» фольклор-этнографик ансамбли хонандаси Фехри Казим-Ниджат иштирок этди.

Сўзга чиққанлар ўзбек ва озарбайжон халқларини тарихий илдизлар, муштарак маданият ва мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туришини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Улар янги очилган аудитория талабаларга Озарбайжон адабиёти, санъати ва маданиятини чуқурроқ ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази раҳбари Акиф Марифли Гулистон давлат университети талаба-ёшларини марказ фаолияти билан яқиндан танишиш, марказ қошида ташкил этилган музейга ташриф буюришга таклиф қилди.

Тадбир якунида мазкур аудитория дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга, илмий-маърифий учрашувлар, адабий кечалар ҳамда маданий тадбирлар ўтказиладиган муҳим маскан бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер