«Global Times»: «Ипак йўлининг дурдонаси»
Хитойда инглиз тилида нашр этиладиган “Global Times” газетаси “Ипак йўлининг дурдонаси” сарлавҳали суратли мақолани эълон қилди. Унда Хива шаҳрининг бой ва бетакрор сайёҳлик салоҳияти ҳақида сўз юритилган, деб ёзади "Дунё" АА.
Мазкур газета журналисти Х. Лиу ўз мақоласини Хиванинг бебаҳо манзил эканлиги ҳақидаги таърифлари билан бошлар экан, “Сиз бу қадимий шаҳарни ўз кўзингиз билан кўрмасдан туриб, унинг нақадар гўзал ва улуғвор эканини тўлиқ тасаввур эта олмайсиз”, дея таъкидлайди. У қадимий Хива ҳақидаги тарихий маълумотларни қаламга олар экан, “Ичан қалъа” мажмуаси 1991 йил ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилганини газетхонлар эътиборига ҳавола қилади.
Муаллиф, шунингдек, Калта минор, Жума масжиди сингари осориатиқалар тарихига алоҳида тўхталган. Хитойлик журналист “Ичан- қалъа” ёдгорлик мажмуасида X асрга оид 50 та тарихий обида, XVIII-XIX асрларга тааллуқли 250 та қадимий уй мавжуд эканини алоҳида қайд этган.
Мақолада жаҳон саёҳатчилари томонидан ҳақли равишда “очиқ осмон остидаги музей-шаҳар” дея таърифланадиган Хива тарихда Буюк Ипак йўлининг муҳим маркази бўлгани, мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш йўлида кенг кўламли изчил чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаётгани, 2020 йил 1 январдан бошлаб Хитой Халқ Республикаси фуқаролари учун Ўзбекистон халқаро аэропортлари орқали етти кундан кўп бўлмаган муддатга мамлакатга визасиз кириш тартиби белгилангани, ўзбек заминига саёҳат қилаётган хорижлик, жумладан, хитойлик сайёҳлар сони тобора кўпайиб бораётгани билан боғлиқ маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган.
Жорий йил 14 — 16 сентябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтган “Рақс сеҳри” халқаро мусиқа фестивалини Хитой оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун мақола муаллифининг Ўзбекистонга ижодий сафари уюштирилган эди. Унинг мазкур халқаро маданий тадбир ҳақидаги туркум хабар ва мақолалари “Global Times” газетаси ва нашрнинг веб-саҳифасида эълон қилинди.
“Global Times” нашри Хитойнинг етакчи газетаси ҳисобланадиган “Жэньмин жибао” тизимидаги бўлинма сифатида фаолият кўрсатади. Хитой тилида 1,5 миллион нусха, инглиз тилида 260 минг нусхада чоп этиладиган ушбу нашр мамлакат бўйлаб тарқатиладиган иккита умуммиллий газетадан бири ҳисобланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг