Германиялик ишбилармон қуёш панелларини ўрнатиш ва унинг остига иссиқхона қуришни таклиф қилди.
Фото: "Халқ сўзи"
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Германиянинг «NEWCADE Project Management» компанияси директори Меҳмет Гедиз ўртасидаги ўзаро мулоқот икки томонлама манфаатли бўлди.
Германиялик ишбилармон бўш ер майдонларида етти метр баландликда қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда унинг остидаги майдонда иссиқхона ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоят раҳбари компаниянинг таклифларини тинглаб, кўп йиллик фаолияти ўрганиб чиқилганини таъкидлади. Термиз шаҳри ва Олтинсой туманида кўп қаватли турар жойлар қуриш, қазилма бойликларини ўзлаштириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсияларини берди.
«NEWCADE Project Management» компанияси 35 йиллик тажрибага эга. У қурилиш ва инфратузилма лойиҳалари бўйича архитектура, дизайн ва муҳандислик хизматлари ҳамда лойиҳа бошқаруви хизматлари ва техник маслаҳат соҳасига ихтисослашган.
Вилоят раҳбарияти икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилишидан мамнунлигини билдириб, ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга оширишда барча зарурий ёрдам ва кўмаклар кўрсатилишини таъкидлади.
Германиялик ишбилармонлар ташриф давомида воҳанинг инвестицион салоҳияти, халқаро савдо маркази имкониятлари билан яқиндан танишадилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг