Германия Россияни “жиловлаш” режасини ишлаб чиқмоқда
Фото: AP
Германия Совуқ уруш тугаганидан бери биринчи марта мудофаа режасини ишлаб чиқмоқда ва унинг асосий мақсади Россия Федерациясини “жиловлаш” ва инфратузилма объектларида қўпорувчилик ҳаракатларига қарши туришдир. Бу ҳақда MDR телерадиокомпанияси мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб хабар бермоқда.
Манбага кўра, Германия Украинадаги воқеаларга реакция сифатида совуқ урушдан бери биринчи марта кенг қамровли мудофаа режасини ишлаб чиқмоқда. Унда асосий эътибор Россияни “жиловлаш”га қаратилади.
Таъкидланишича, Германиянинг янги мудофаа режаси уруш соҳасидаги янги ютуқларни ҳисобга олади, шунингдек, муҳим инфратузилма, дезинформация ва киберҳужумларга қарши саботажга алоҳида эътибор қаратади.
“Бу мен Шимолий Германия текислигида зирҳли жанг ёки Худо кўрсатмасин, рус десантларининг ҳаводан тушишини кутаётганимни англатмайди... Лекин бизнинг энг муҳим инфратузилмамиз — портлар, кўприклар, энергетика компаниялари, шубҳасиз, саботаж таҳдиди остида”, — дейди Германия Қуролли кучлари ҳудудий қўмондонлиги раҳбари генерал-лейтенант Андре Бодеман.
MDR маълумотларига кўра, ҳужжат НАТОнинг шарқий қанотини ҳимоя қилишда Германия Қуролли кучларининг етакчи ролини таъминлайди ва бу операцияда унинг аксарият қисми иштирок этишини талаб қилади.
Тафсилотлари сир деб таснифланган юзлаб саҳифалардан иборат дастлабки ҳужжат келаси чоршанба куни Берлинда полиция вакиллари, фуқаро мудофааси экспертлари, олимлар, энергетика ва логистика сектори вакиллари ҳамда НАТОдаги иттифоқчилар иштирокида муҳокама қилинади. Манбада айтилишича, режа март ойи охиригача якунланиши керак.
Аввалроқ “Bild” газетаси Германия Қуролли кучларининг маълум бир “махфий ҳужжати”га таяниб, муаллифлар тахминига кўра, Россия НАТОнинг шарқий қанотига қандай ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги “режа”ни эълон қилган эди.
Германия Мудофаа вазирлиги оммавий ахборот воситаларининг хабарларини изоҳ бериб, ҳатто жуда кутилмаган сценарийларни ҳам кўриб чиқиш кундалик ҳарбий ишларнинг бир қисми эканлигини билдирди.
Аввалроқ, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Россия ҳужуми эҳтимоли ҳақида баёнот берган бир қатор европалик сиёсатчилар ва ҳарбий раҳбарларнинг хавотирли ҳис-туйғуларини танқид қилган эди.
Ушбу ахборотларга Россия томони ҳам изоҳ берганди. Хусусан, Россия Федерацияси Ташқи разведка хизмати Сергей Наришкиннинг таъкидлашича, Ғарб Россиянинг НАТОга ҳужум қилиш режаларини эълон қилиб, Россияни альянс билан тўғридан-тўғри қуролли тўқнашув эҳтимоли билан қўрқитишга ҳаракат қилмоқда ва Москвани “махсус ҳарбий операция” мақсадларидан воз кечишга мажбурлашга умид қилмоқда, аммо бу амалга ошмайди.
Унинг қўшимча қилишича, Ғарбнинг бу баёнотлари ахборот уруши.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг