«Германия + Марказий Осиё» шаклидаги учрашув бўлиб ўтди

14:11 02 Декабрь 2022 Сиёсат
608 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

2022 йил 1 декабрь куни ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг Лодз шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши доирасида «Германия + Марказий Осиё» шаклида вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Германия ва Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда минтақамиз давлатлари билан Германия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида Ўзбекистон-Германия кун тартибидаги долзарб масалаларга, шунингдек, «Марказий Осиё – Германия» ва «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» шаклларидаги ўзаро ҳамкорликка тўхталди.

Вазир Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг Ўзбекистонга яқинда амалга оширган ташрифи самарали натижаларини қайд этиб, бу ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, томонлар товар айирбошлаш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш, Ўзбекистон иқтисодиётига немис технологияларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу муносабат билан Савдо ва инвестиция бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи, молиявий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро музокаралар, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ва бошқа йиғилишларни мунтазам ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

«Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммити (27 октябрь, Остона), «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» вазирлар учрашуви ва «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» ўзаро боғлиқлик: «Барқарор ривожланиш учун глобал дарвозалар» (Самарқанд, 17-18 ноябрь) каби халқаро тадбирлар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер