Генерал-майор Равшан Ҳайдаров ёшларни катта ишларга илҳомлантириш «сири»ни ошкор қилди

14:04 21 Декабрь 2024 Жамият
566 0

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Миллий университетида «Генерал ва ёшлар учрашуви» ўтказилди. Учрашувда ёшлар ва ҳарбийлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, келажакка ишончни ошириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Тадбирга университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, талабалар, Ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази курсантлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Мажидов ёшларнинг иқтидорларини қўллаб-қувватлаш ва ҳарбий касбнинг нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлади. Ректорнинг таъкидлашича, ҳарбий касб нафақат нуфузли, балки улкан масъулият талаб этадиган йўналиш ҳисобланади. У ёшларни келажакка ишонч билан қарашга, ўз билим ва салоҳиятларини юксалтиришга чақирди.

Генерал-майор Равшан Ҳайдаров ёшлар билан бўлган учрашувларнинг аҳамиятини қайд этди. У шундай деди: «Ёшларнинг мақсад ва орзуларини эшитиш менга чексиз куч-қувват беради. Бундай мулоқотлар уларни катта ишларга илҳомлантириш учун жуда зарур.» Учрашувда талабалар ўз саволларига батафсил жавоб олдилар ва таклифларини билдирдилар.

Тадбир доирасида Академия ва Ўзбекистон Миллий университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу меморандум икки таълим муассасаси ўртасидаги илмий ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни кўзда тутади. Бундай қадам ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очади ва уларнинг келажакка ишончини оширади.

Иштирокчиларнинг фаоллиги учун ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Бу каби тадбирлар нафақат ёшларнинг билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади, балки уларнинг ватанига бўлган садоқатини янада мустаҳкамлайди.

Учрашув доирасида ёшлар, ҳарбийлар ва профессор-ўқитувчилар ўртасидаги мулоқот аҳамияти нафақат бугунги кун, балки келажак учун ҳам долзарб экани яна бир бор намоён бўлди. Янги Ўзбекистонда ёшлар вакиллари учун бундай имкониятларнинг яратилиши уларнинг фидойи фарзандлар сифатида камол топишида муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер