Ғазодаги беш ёшгача бўлган 3 минг 500 нафар болалар очликдан ҳалок бўлиши мумкин
Исроил ҳукумати Ғазонинг асосий чегара пунктларини назорат қилиб, ҳудудга юборилаётган инсонпарварлик ёрдамлари ортилган юк машиналарни ҳудудга киритмаяпти. Натижада минглаб фаластинлик болалар ўлим билан рўбарў келишмоқда. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.
Ғазо ҳукумати матбуот хизмати маълумотларига кўра, беш ёшгача бўлган 3 минг 500 дан ортиқ бола очлик туфайли ҳалок бўлиши мумкин. Яна 290 минг нафарга яқин болалар ана шундай хавф остида қолмоқда. Сабаби Исроил блокадаси туфайли Ғазога юборилаётган инсонпарварлик ёрдамлари, жумладан, озиқ-овқат ҳамда болалар учун керак бўладиган минералларга бой маҳсулотлар, чақалоқлар учун мўлжалланган озуқавий қўшимчалар ва бошқа турдаги маҳсулотлар етиб бормаяпти.
Шу йилнинг 3 май куни Ғазодаги «Ал-маваси» шаҳрида хайрия ташкилотлари томонидан маҳаллий аҳоли вакиллари учун иссиқ овқат тарқатилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеотасвирлардан кўриш мумкинки, Ғазо ҳудудидаги маҳаллий аҳоли ушбу хайриядан жуда катта умид боғлашган. Сўнгги вақтларда мана шундай хайрия тадбирларида йиғилаётган маҳаллий аҳоли вакиллари сони кескин ошган. Бу ҳолат ҳудуддаги ижтимоий ҳаёт қанчалик инқирозда эканлигига далилдир.
«Бутун дунё Исроил ҳукуматининг икки ойдан кўпроқ вақт давомида Ғазони қамал қилиб келаётганини кўриб турибди. Афсуски, ҳеч ким, ҳеч қандай чора кўргани йўқ. Ушбу ҳолатга бефарқ қараётган барча Ғазодаги болаларнинг оч қолишига ҳисса қўшмоқда», — дейди Ғазо секторидаги озиқ-овқат хавфсизлиги раҳбари Маҳмуд Алсаққа.
Аввалроқ, Ғазо шаҳридан эвакуация қилинган Аҳмад ал-Нажжар ҳудуддаги аҳолининг энг ката муаммоси кунлик озиқ-овқат маҳсулотлари топиш эканлигини айтиб ўтган эди.
«Айни пайтда овқат топиш ҳамда тўйиб овқатланиш имконсиз вазифага айланган. Ғазодаги одамлар бирин-кетин хайрия ташкилотлари захиралари тугаб қолганлигини, ўз фаолиятини тўхтатаётганликларини, чунки улар аҳолига керакли ёрдамни тақдим эта олмаётганликларини кўриб туришибди. Бу жуда қайғули ҳолат», — деган эди фаластинлик Аҳмад ал-Нажжар.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазога қилган ҳужумлари давомида, шу бугунга қадар камида 52 минг 535 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 118 минг 491 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохоналарга ётқизилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг