Ғазода урушнинг янги ва хавфли босқичи бошланиши мумкин — БМТ Бош котиби
Исроил кучларининг Ғазога қилган ҳужумлари оқибатида сўнгги 24 соат ичида камида 61 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри маълум қилди.
Хабарда айтилишича, сўнгги кунларда Исроил ҳукумати Ғазога уюштираётган қуруқликдаги операциялари ҳажмини оширган. Ҳужумлар кўламининг кенгайиб бораётгани шундоқ ҳам қийин шароитда яшаётган анклавдаги маҳаллий аҳоли вакиллари ҳаётини жиддий хавф остида қолдирмоқда.
Кеча, 28 август куни Ғазо ҳудуди бўйлаб уюштирилган ҳужумларда 61 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, яна 19 нафари турли даражадаги тан-жароҳатлари олган. «Al Jazeera» нашри манбаларининг хабар беришича, Ғазо шаҳрининг шарқий ва жанубий маҳаллаларида вайронагарчиликлар кўлами кенгайиб, ҳудуд тез кунда тўлиқ бомбардимон қилиниши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил кучлари Ғазо шаҳрининг шарқий ва жанубий маҳаллаларини нишонга олаётгани сабабли урушнинг янги ва хавфли босқичи бошланишидан огоҳлантирган.
«Исроил ҳукумати халқаро чақириқларга қарамай Ғазо шаҳрини эгаллашга ҳозирлик кўрмоқда. Бу операция оқибатида аллақачон чарчаган ва шикастланган юз минглаб тинч аҳоли яна қочишга мажбур бўлади. Бу эса оилалар ҳаётини янада хавф остида қолдиради. Буни зудлик билан тўхтатиш керак», — дейди Антониу Гутерриш.
Исроил аскарлари Ғазо шаҳридаги Шужая, Зайтун ва Сабра маҳаллаларини бомбардимон қилгани сабабли ушбу ҳудудда яшайдиган оилалар аллақачон ўз уйларини ташлаб кетишга қарор қилган.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 28 август куни тўйиб овқатланмаслик ва очликдан яна тўрт нафар фаластинлик, жумладан, икки нафар бола ҳалок бўлган. Шу тариқа, уруш бошланганидан буён очлик билан боғлиқ ўлимлар сони 317 кишига етган. Шулардан 121 нафарини вояга етмаган болалар ташкил қилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг