Ғазо вайроналари орасида қолган жасадлар итларга ем бўлмоқда — БМТ вакили
БМТнинг гуманитар масалалар бўйича раҳбари Том Флетчер Ғазога ташрифи чоғида вайроналар остида қолиб кетган жасадларнинг итларга ем бўлаётганига гувоҳ бўлган. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.
Унга кўра, Том Флетчер Ғазога ташрифи ҳақида гапирар экан, бу ташриф кутилганидан ҳам ёмонроқ бўлгани ҳамда унутиб бўлмас таассуротлар билан қайтганини маълум қилган.
«Ғазо шимолидаги вайронагарчиликлар жануб қисмидагига қараганда катта ва аянчлироқ. Ходимларим йўл кўрсаткичдан фойдаланиб, ортга қайтишга йўл излашди. Вайроналар сабабли йўл топиш мушкул эди. Ҳудуддаги мактаблар ва шифохоналарни фарқлаб бўлмайди, барчаси вайрон қилинган», — деган у.
Бундан ташқари, БМТ вакили журналистлар билан суҳбати чоғида Ғазога қилган сафарида гувоҳи бўлган энг ҳайратланарли ҳолат ҳақида ҳам сўзлаб берди.
«Ҳудудларни кўздан кечирар эканман, вайрон бўлган бинолар орасида юрган семиз итлар тўдаси диққатимни тортди. Ёнимдаги ҳамкасбимдан нега бу итлар бунчалик семиз, деб сўраганимда, бу итлар вайроналар орасида қолиб кетган жасадларни изламоқда, деб жавоб берди. Мен ҳайратда қолдим, итларнинг жасадлар билан озиқланаётгани ақлга сиғмайди», — дейди Флетчер.
Маълумот учун, аввалроқ, Том Флетчер Исроил ҳукуматини Ғазода жорий қилган блокадасини бекор қилишга чақирган ҳамда ҳудудга юборилаётган инсонпарварлик ёрдамларини ҳеч бир тақиқсиз киришини таъминлашни сўраган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг