Ғазо сектори урушдан кўрган зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди
Фото: Reuters
Жаҳон банки ва БМТ Ғазо сектори инфратузилмасига етказилган зарарни 18,5 миллиард долларга баҳоламоқда.
Жаҳон банки ва БМТ 2023 йилнинг октябрь ойидан бери ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги можаро туфайли Ғазо сектори инфратузилмасига етказилган зарарни баҳолади.
Халқаро институтларга кўра, Ғазонинг муҳим инфратузилмасига етказилган зарар миқдорини тахминан 18,5 миллиард долларни ташкил этади.
«Бу миқдор 2022 йилда Ғарбий Соҳил ва Ғазо сектори умумий ЯИМнинг 97 фоизига тенг», — дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, Жаҳон банки ва БМТ Ғазо секторидаги вазиятнинг 2024 йилда ривожланиши прогнозини берди. Улар аллақачон етказилган зарар ҳақидаги маълумотлар ва реконструкция шу йил охирида бошланади деган тахминга асосланиб, иқтисодий вазиятнинг сезиларли даражада ёмонлашишини башорат қилишган.
2023 йил охирида БМТ Ғазо сектори аҳолисининг ярми қаттиқ очликдан азият чекаётганини билдирганди. Ғазо аҳолисининг 50 фоизи ҳаддан ташқари ёки қаттиқ очликда, аксарияти тўйиб овқатланмаяпти. Аҳолининг 90 фоизи мунтазам равишда кун бўйи овқатсиз ўтиради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг