Газ “заправка”лардаги “ўйин”лар қачон барҳам топади?

16:42 23 Январь 2019 Иқтисодиёт
3462 0

Иллюстратив фото

Мана, икки ойдирки, сиқилган газ етказиб берилиши-ю, унинг нархи борасидаги муҳокамалар тингани йўқ. Аҳоли газ босими пастлигидан, унинг нархи ошиб кетганидан норози: газ “заправка”лардаги “ўйин”лар қачон тугайди? Ўзбошимча тадбиркорларнинг танобини тортиб қўядиганлар йўқми?

Мурожаатчилар томонидан қўйилаётган ана шундай кескин саволлар вазиятни ўрганиш, муаммонинг асл моҳиятини очишга ундади.

Ҳозирги пайтда юртимизда 692 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ) фаолият юритмоқда. Шу пайтгача, аниқроғи, 2018 йилнинг декабрига қадар улар фаолиятидан айтарли ҳеч ким норизо бўлмаган. Фарғона вилоятидаги АГТКШларда узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлганидан сўнг масала юзага чиқа бошлади.

Истеъмолчиларнинг фикрича, газ “заправка”лардаги тақчилликка, нарх-навонинг ошишига таъминотдаги узилишлар, маҳсулот вақтида етказиб берилмаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Бу гаплар қанчалик асосли?

Масалага аниқлик киритиш учун дастлаб “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятига мурожаат қилдик.

Жамият мутасаддиларининг айтишича, ҳаво ҳароратининг кескин совиши натижасида, ҳақиқатан ҳам, 2018 йилнинг декабрь ойида Фарғона вилоятидаги маҳсулот узатувчи магистрал қувурларда табиий газ босимининг тушиб кетиши кузатилди. Бундан ташқари, аҳоли хонадонлари, “Ўзбекэнерго” АЖ тизимидаги стратегик аҳамиятга эга корхоналар, иқтисодиётнинг реал секторидаги бошқа субъектларда табиий газ истеъмоли ортиб кетган. Бироқ табиий газ қазиб олувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан тизимга кунлик етказиб берилаётган маҳсулот ҳажмлари эса сезиларли даражада камайган. Рўй берган шу каби ҳолатлар, хусусан, Фарғона водийсига газ узатувчи қувурларда босимнинг пасайишига олиб келган. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, бу каби муаммолар ҳал этилиб, истеъмолчиларга белгиланган меъёрда узлуксиз равишда табиий газ етказиб бериш йўлга қўйилди.

Дарҳақиқат, буни жойларда АГТКШ фаолияти изига тушгани, бир неча километрларга чўзилган навбатларнинг йўқлигидан ҳам илғаш мумкин. Лекин босим айнан меъёрига тушгандан сўнг нарх-наво кўтарилганини қандай изоҳлаш мумкин?

Нархни оширишга ҳеч қандай асос йўқ

Жорий йилнинг 4 январидан эътиборан, 1 куб метр сиқилган газ нархи 300 сўмгача ошиб, ўртача 2200 сўмдан сотилмоқда. Сабабини сўрасангиз, буни қайси тадбиркор бўлмасин, солиқдаги ўзгаришлар, яъни қўшимча қиймат солиғи қўлланилаётгани билан боғлайди. Аслида-чи?

— Давлат солиқ қўмитаси томонидан танлов асосида бир қанча метан газ қуйиш шохобчаларининг фаолияти таҳлил қилинди, — дейди қўмита Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи Айдос Қошанов. — Унда аниқланишича, 2018 йилнинг 9 ойида 1 куб метр сиқилган газнинг ўртача нархи 1650 сўмдан сотилган бўлса, тўртинчи чоракка келиб, 1950 сўмгача оширилган. 2019 йилдан эса ҳеч қандай асоссиз равишда 2200 сўмгача сотилмоқда. Натижада газ қуйиш шохобчаларининг рентабеллик даражаси 2018 йилнинг 9 ойлигидаги 20-29 фоиздан 45-60 фоизгача ошган. Агар ушбу шохобчаларнинг рентабеллик даражаси 30-36 фоиз миқдорида сақланган тақдирда ҳам, нарх 1800-1900 сўмдан юқори бўлмаслиги керак эди.

Ваҳолонки, газ учун акциз солиғи киритилиши ҳисобига 55 сўм, ягона солиқ тўлов ўрнига қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк, ер солиғи ва фойда солиғи киритилиши натижасида 155 сўм, бошқача қилиб айтганда, 1 куб метр газ нархи бор-йўғи 210 сўмгача ошиши ҳам инобатга олинган.

Солиқчиларнинг фикрича, даромадлилик ва рентабеллик даражасини юқори миқдорларда сақлаш мақсадида айрим газ тўлдириш шохобчалари асоссиз равишда нархларни оширишга уринмоқда. Аслида, нархларни ўзгартирмасдан фаолият кўрсатилганида ҳам рентабеллик даражаси 25-30 фоизни ташкил этаркан. Бу эса иқтисодиёт тармоғидаги рентабеллик даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

Шундай экан, нега баъзи тадбиркорлар 2200 сўмлик нархга ҳам қаноат қилмаяпти?

Бунга аҳоли ўртасида “ТАПОиЧ заправка” номи билан танилган “Rahshona — H.H” МЧЖга қарашли АГТКШ мисол бўла олади. Негаки, бу ерда йил бошидан буён бир куб метр сиқилган газ 2250 сўмдан сотилмоқда.

Унинг доимий мижозлари эса шунга ҳам шукр қилиб олишяпти. Нега дейсизми, бу тадбиркор ўтган йлнинг тўртинчи чорагида нархни бирданига 500 сўмга кўтариб, 2300 сўм қилиб қўйган эди. Ҳартугул, эътирозлардан кейин нарх пасайтирилиб, 1900 га туширилди. Лекин буям узоққа чўзилмади.

Тегишли давлат органлари асоссиз равишда нархларни оширишга уринадиган тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиб бораётгани ҳақидаги огоҳлантиришлар ҳам амалда фойда бермаяпти. Нега? Ёки соҳада биз билмаган, англамаган жиҳатлар борми? Бунга тадбиркорларнинг ўзлари нима дейишади?

Тадбиркор фойда кўришни хоҳлайди. Аммо...

Қизиқ жиҳати, тадбиркорларнинг ҳеч бири вазиятга изоҳ беришни истамади. Аниқроғи, ўзларини олиб қочишди. Айримлари эса очиғини айтиб, бизни молиявий ишларга балогардон бўлган бош ҳисобчиларига рўбарў қилишди.

Рози бўлдик. Ахир, саволларга корхона раҳбари ёки бошқанинг жавоб қайтаргани эмас, балки уларга аниқ ва жўяли изоҳ берилгани муҳим.

Соҳада кўп йиллардан меҳнат қилаётган мутахассисларнинг фикрича, аҳоли билиб-билмай, газ баҳосининг ошишида тадбиркорларни айблашмоқда. АГТКШ шунчаки савдо муассасаси эмас, аксинча, ишлаб чиқариш субъекти ҳисобланади. Етказиб берилаётган табиий газ шу ерда мотор ёнилғисига айлантирилади. Яъни тўрт марта тозаланиб, шунча марта сиқилади. Натижада босим 2 атмосфердан 200 атмасферагача етказилади.

Биз уларнинг заҳматли меҳнатини эътироф қилган ҳолда, мақсадга кўчамиз: нарх нега оширилди?

— Тадбиркор қайси соҳада фаолият юритмасин, асосий мақсади фойда олишдир, хусусан, АГТКШда ҳам, — дейди Юқори Чирчиқ туманидаги “Парвоз инвест” МЧЖ бош ҳисобчиси Севар Холматова. — Лойиҳага тиккан маблағи, технологик ускуналари учун олган кредити шунинг ҳисобидан қопланади. Қолаверса, давлатга солиқ, ишчи-ходимларга маош тўлайди. Газ баҳосининг кўтарилишига эса, биринчи навбатда, лимит қўлланилгани сабаб бўлмоқда. Масалан, бизнинг шохобчага лимит доирасида ойига 300 минг куб метр газ берилади, дейлик. Унга 800 сўмдан олдиндан тўлов қиламиз. Одатда, бунча маҳсулот 20 кунда сотиб бўлинади. Кейин табиий газни икки баробар қимматга харид қилишимизга тўғри келяпти. Биргина 2018 йилда сотилган газнинг 16 фоизини лимитдан ташқари олганмиз. Илгари солиқ нисбатан кам тўлаганимиз туфайли ўртадаги тафовутни “ёпиш” қийинчилик туғдирмасди.

— Ҳозир-чи, қанча солиқ тўланади? Бу нарх-навога қай даражада таъсир кўрсатмоқда? — дея сўраймиз суҳбатдошимиздан.

— 2019 йилгача истеъмол ва ягона солиқ тўлардик, холос — дейди С. Холматова. — Бу умумий харажатларнинг 21 фоизидан ошмасди. Солиқ соҳасидаги ўзгаришлар туфайли эндиликда ер, мол-мулк, сув, даромад, ҚҚС тўлаймиз. Яна акциз солиғи ҳам қўшилди. Шу тариқа давлатга тўлайдиган солиғимиз 22 фоизга етди.

— Бу ерда катта фарқ кўрмаяпмиз, газ 1900-1950 сўмдан сотган тақдирда нима ютқазасиз? — ўсмоқчилаб сўраймиз яна.

Гапимиздан жаҳли чиққан ҳисобчи қўлига калькулятор олиб, бир куб метр газ таннархини ҳисоблашга тушади. Биз эса киприк қоқмай кузатамиз. Табиий газ 667 сўм бўлса, унга электр энергияси учун 94,45 сўм, ойлик иш ҳақи ва ягона ижтимоий тўловга 112 сўм, амартизация, яъни эскириш суммаси 97 сўм, техник материаллар харажати 161,6 сўм, ер, мол-мулк, сув солиқларига 22 сўм, бошқа харажатларга 42 сўм қўшади. Экранда 1196 сўм ҳосил бўлади.

Ҳайратимизни англаган ҳушёр ҳисобчи “Ҳали шошманг, бунга ҚҚС солиғини ҳисоблаб, 240 сўм, акциз солиғи учун 360 сўм қўшамиз” дейди. Шундай қилиб, 1 куб метр сиқилган газ таннархи 1796 сўмга айланар экан. Агар у эски нархда, яъни 1950 сўмдан сотилганда, тадбиркорга 29 сўм, 2200 сўм сўмдан сотилса 204 сўм соф фойда қолар экан.

Лимит қандай белгиланади?

Афтидан, газ баҳосига маҳсулотнинг лимитдан ортиқча олинаётгани, содда қилиб айтганда, лимитнинг камлиги катта таъсир кўрсатаётганга ўхшайди. Бунга “Ўзтрансгаз” АЖнима дейди?

“Ўзтрансгаз” АЖ масъулларининг айтишича, ҳар йили 1 сентябрга қадар истеъмолчиларнинг зарурий газ ҳажмлари тўғрисидаги талабномаларини йиғиб, улар “Ўзбекнефтгаз” АЖга киритилади. “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳам, ўз навбатида, 1 августгача келгуси йил учун табиий газ қазиб олиш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш, тақсимлаш билан боғлиқ эҳтиёж ва технологик йўқотишларни аниқлайди.

Хулосалар эса 15 сентябрга қадар Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига тақдим этилади. Вазирлик томонидан табиий газ баланси ресурс ҳажмлари тақсимоти ойлик, йиллик шаклда тасдиқланиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖга юборилади, сўнг ижросини таъминлаш учун “Ўзтрансгаз” АЖга етказилади.

“Ўзтрансгаз” АЖ мазкур табиий газ баланс ҳажмларини ҳудудий газ таъминоти филиаллари кесимида ҳудудлардаги АГТКШнинг истеъмол қилган газ ҳажмларидан келиб чиқиб, мутаносиб равишда тақсимлайди, филиалларга жўнатади.

Кўриниб турибдики, ҳамманинг ўз ҳақиқати бор. Мақсадимиз ким ҳақ ёки ноҳақ эканлигини аниқлаш эмас. Тадбиркорларнинг фаолиятига аралашиш, газ нархини пасайтириш шарт, деган фикрдан ҳам йироқмиз. Бозор иқтисодиёти шароитида нарх-наво талаб ва таклиф асосида шаклланишини эса билмайдиганлар бўлмаса керак. Аммо шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган. Унинг туб замирида аҳолини рози қилиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишдек эзгу мақсад мужассам.

Шу маънода, республикамизнинг айрим жойларида сиқилган газнинг 2000 сўм ёки 2100 сўмдан сотилаётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб, инсофли, халққа қайишадиган тадбиркорлар ишидан қувонасан, киши. Лекин турли ҳудудлардаги шохобчаларнинг бирваракайига, деярли бир вақтда бир хил нарх белгилаши мулоҳаза қилишга ундайди. Наҳот, уларда сарф-харажатлар ҳам бир хил бўлса?..

Хулоса қилмаймиз. Ушбу мавзуга яна қайтамиз.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер