Ғамхўрлик ва рағбат юксак марраларга қанот
Фото: Халқ сўзи
Навоий шаҳрида “Ўзбекистон ёшлари форуми - 2021” фестивалининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Рамзий маънода сўнгги беш йилнинг ҳар бир кунини ёшлар истиқболига қаратилган дамларга қиёслаш мумкин. Чунончи, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқнинг қайтариб берилиши, 1 июндан бошлаб, “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилиши, “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилиши, ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган йигит-қизларга бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизгача қисми қоплаб берилиши, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилиши ҳамда ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилиниши каби имкониятлар алоҳида эътирофга лойиқ.
Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ўғил-қиз келажагида Ватаннинг эртанги кунини, ёруғ истиқболини кўриш орзуси, соддароқ изоҳласак, оталарча ғамхўрлигининг ифодасидир.
Буни дилдан ҳис этган ва миллат келажагини ўз фазилатларидан ахтариб, билим, салоҳият ва комиллик сари интилишларида топаётган ёшлар, табиийки, бундай эътиборга жавобан барча жабҳада юксак чўққиларни забт этиш билан жавоб бермоқда. Биргина Навоий вилоятида ўз ортидан келаётган ука-сингилларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлаётган йигит-қизларнинг сафи тобора кенгайиб бораётир. Шунингдек, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган Бешта муҳим ташаббус амалга оширилиб, салмоқли натижалар кўзга ташланмоқда.
Шу билан бирга вилоятда “маҳаллабай” хатловдан ўтказиш орқали 21 минг 452 нафар йигит-қизлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, уларнинг 20 минг 736 нафари бандлиги таъминланди. Хусусан, 8 661 нафар ёшлар доимий иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, 4 706 нафар ёшларга 141,2 млрд.сўм имтиёзли кредитлар, 2 088 нафар йигит-қизга “Ҳар бир ёшга – бир гектар” тамойили асосида 524,2 гектар ер майдони ажратилди. 2 минг 664 нафар ёшларга 7,0 млрд. сўм меҳнат қуроллари, 134 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти амалга оширишлари учун ижара харажатларига субсидия берилди. “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида 386 нафар ёшлар ҳунармандларга бириктирилди. 877 нафар талаба-ёшларнинг 4,2 млрд.сўм тўлов-контрактлари, 234 нафар йигитнинг 1,2 млн. сўм сафарбарлик чақируви резерви харажатлари қоплаб берилди.
Албатта, ёшлар билан ишлашда оддий нигоҳлар ҳар доим ҳам илғайвермайдиган “оммавий маданият”нинг турли штаммлари, ёт ғоялар таъсири, лоқайдлик каби иллатлар ҳам борки, уларни бартараф этишда йигит-қизларнинг якдиллиги муҳим ўрин тутади. Бу борада анъана тусини олаётган “Ўзбекистон ёшлари форуми” ўз самарасини бераётганини таъкидлаш ўринлидир.
Мазкур форум доирасида жорий йилда вилоятда етмишга яқин лойиҳа, тадбир, мусобақа ва танловлар ўтказилиб, улар ўз атрофига 500 минг нафарга яқин ёшларни бирлаштирди. Унинг асосан 5 та босқичда, яъни кўча-маҳалла – сектор – туман - вилоят миқёсида ташкил этилганлиги, бу эса мамлакатимизда ёшлар сиёсатининг ҳар бир кўча ва хонадонгача етиб бораётганлигининг амалий тасдиғидир.
Форумнинг якуни босқичига вилоятнинг Қизилтепа тумани мезбонлик қилиб, унинг доирасида турли кўрик-танлов, спорт мусобақалари, баҳс-мунозара ва кўргазмалар ташкил этилди. Анжуман пойтахтдан ташриф буюрган эстрада юлдузлари ва вилоят ҳаваскор ёшларининг гала-концерт дастури билан якунланди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг