Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади — Шавкат Мирзиёев

12:03 20 Декабрь 2022 Сиёсат
942 0

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши кераклиги таъкидланди.

Шу боис, «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклиги қайд этилди.

Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

«Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутаяпти. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам, бунинг яққол далилидир», - деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутилишини таъкидлади.

Умуман, мазмуни «инсон қадрини улуғлаш» руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқиш кераклиги айтилди.

Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади, деди Президент.

Энг муҳими – ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва «Бу – менинг Конституциям», деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак.

Таҳлиллар кўрсатганидек, юртдошларимиз:

— мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайишини, таълим ва тиббиёт сифати оширилишини;

— маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммолари ҳал қилинишини;

— иш ўринлари кўпайиши, тадбиркорликка янги имкониятлар яратилишини;

— адолат таъминланиши, оворагарчилик, бюрократия ва коррупция йўқ бўлишини кутмоқда.

«Кўтарилган масалалар аниқ ва ўринлидир. Қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шарт.

Ҳеч ким четдан келиб, буларни ҳал қилиб бермайди. Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни яратиш асосий вазифамиз бўлиши керак», - деди Президент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер