Франциянинг етакчи савдо тармоғи делегацияси амалий сафар билан Ўзбекистонда бўлди

15:27 26 Январь 2023 Сиёсат
602 0

24-25 январь кунлари бўлиб ўтган мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда чакана савдо тармоғини очиш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик, чарм, электротехника ва бошқа маҳсулотларни «Groupe Casino»нинг чет элдаги дўконларига экспорт қилиш масалалари бўйича музокаралар ўтказиш билан изоҳланади.

Сафар давомида «Groupe Casino» компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик бўйича директори Эрван Хуард бошчилигидаги делегацияси Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шароф Раҳмонов билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида Франция компанияси фаолияти, Ўзбекистонда чакана савдо бозори талаблари ҳамда республикамизда Европа чакана савдо бренди остида савдо дўконларини очиш каби масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

«Ўзстандарт» агентлигида бўлган учрашувда делегация билан маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, уларни сертификатлаш ва стандартлаш талаблари муҳокама қилинди. Франция делегациясига чет элдан импорт қилинган товарлар сертификатларини маҳаллий стандартларга мувофиқлигини текшириш, уларнинг сифатини ва хавфсизлигини кафолатлаш бўйича маълумотлар берилди.

Сафарнинг иккинчи куни компания вакиллари учун Савдо саноат палатасида учрашув ташкил этилди. Тадбирда «Ўзтўқимачиликсаноати», «Ўзчармсаноати» ва «Ўзелектехсаноат» уюшмалари ҳамда аъзо компаниялар вакиллари иштирок этишди.

Хориж томонига республикамизнинг тўқимачилик, чарм, электротехника маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари ҳақидаги тақдимот ўтказилди.

«Groupe Casino» гуруҳи вакиллари миллий маҳсулотларни компаниянинг чет элдаги дўконларига жойлаштириш тартиби ва талаблари ҳақида иштирокчиларга маълумот беришди.

Делегация раҳбари Эрван Хуард Ўзбекистонда турли соҳалардаги саноатнинг ривожланишига юқори баҳо берар экан, мамлакатимизда текстиль, чарм ва электротехника саноатининг ривожланганини кўриб ҳайратга тушганини айтди. «Мамлакатингизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Европа бозорларининг стандарт ва талабларига тўлиқ жавоб беради», деди у.

Маълумот ўрнида: «Groupe Casino» Франциянинг энг йирик чакана компанияларидан бири бўлиб, гипермаркетлар, супермаркетлар, мини-маркетлар, чегирмали ва улгуржи дўконларнинг кенг тармоғига эгалик қилади. Гуруҳ «Géant Casino», «Casino Supermarchés», «Monoprix», «Franprix», «Leader Price», «Cdiscount», «Vival», «Spar», «Sherpa», «Le Petit Casino» савдо тармоқларини бирлаштиради. Компаниянинг йиллик ўртача айланма маблағи 40 миллиард АҚШ долларидан ошади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер