Фирибгарлар тузоғига тушиб қолманг!

13:24 14 Декабрь 2020 Жамият
414 0

Сўнгги пайтларда интернет тармоғи фирибгарлар учун кирдикорларини амалга ошириш йўлида «қулай» майдонга айланиб қолди. Шу боис фирибгарлардан жабр кўрмаслигингиз учун бир нечта оддий қоидаларни билишингиз зарурдир.

Ҳеч қачон ҳеч кимга SMS орқали картангизга келган тасдиқловчи код рақамини айтманг.

Сизга таклиф этилаётган ҳаволаларга ўтманг, у ерга маълумотларингизни киритманг. Ҳаволаларга эътибор билан қаранг, шубҳали туюлган тарафларига диққат қилинг, тақдим этилган манзил расмий веб-сайт манзилига ўхшаш бўлиши мумкин.

Картадан ўтказиш йўли билан олдиндан тўловни амалга оширманг, маҳсулот қўлингизга етиб келгандан сўнггина тўланг. Арзон нарх ва етказиб бериш бўйича «савдолашиб», алданиб қолманг. Агар реклама берувчи сизни алдаган бўлса, дарҳол алоқага чиқиш тизими орқали расмий веб-сайт маъмуриятига хабар беринг.

Бошқа шаҳарларда маҳсулот сотиш бўйича таклифлардан ҳам эҳтиёт бўлмоқ даркор. Харидор маҳсулотни етказиб бериш орқали топширишига шубҳа билан қараш керак. Фирибгар ишончингизга кириб, тўловни амалга оширишингиз учун сиздан пластик картангиз кодини, сўнгра эса тасдиқловчи рақамни сўраб олади ва маблағларингизни битта қолдирмай ўз ҳисобига ўтказиб олади. Иш маҳсулотни етказиб беришгача эса етиб бормайди ҳам.

Маҳсулотнинг арзонлигига кўп ҳам қизиқмаслик керак. Чунки бу усул сизни чув тушириш учун ишлатилган ҳийла бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Айрим фирибгарлар маҳсулот учун аванс талаб қиладилар, пулни олгандан сўнг эса дараксиз йўқолиб қоладилар. Чет элда туриб таклиф этилаётган харидлардан воз кечишга ҳаракат қилинг. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, агар сиз фирибгар билан Telegram мессенжери орқали алоқа қилган бўлсангиз, унда Telegram'нинг махфийлиги жиноятчини топиш ва пулни қайтариш учун деярли ҳеч қандай имконият қолдирмайди. Хабар алмашиш тизимидан ташқарида музокаралар олиб боришда буни ёдда тутиш муҳимдир.

Мисол келтирадиган бўлсак, шу йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига Тошкент шаҳри, Миробод туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, «Герцептин» номли дори воситасини интернет саҳифаларида излаганини ва ижтимоий тармоқларда дори сотиш билан шуғулланадиган номаълум бир шахснинг телефон рақамини топиб, SМS-хабари жўнатганини билдирган. Излаётган дорини сўраганида номаълум шахс дорининг нархи 3.800.000 сўм эканлигини ва топишда ёрдам беришини айтган. Шунингдек, аввалдан бир миллион сўм миқдорида тўловни амалга ошириш кераклигини, пул ўтиши билан дорини етказиб беришини тушунтирган. Шундан сўнг номаълум шахс пластик карта рақамини бериб, тўловни ўтказиши мумкинлигини билдирган. Аризачи «Миллий банк»дан очилган пластик картасидан, унинг пластик картасига 1.000.000 сўм пулни ўтказиб берган. Бироқ ўша номаълум шахснинг телефон рақами билан бошқа алоқа қилиб бўлмаганлиги сабабли, унинг кимлигини аниқлаб, пулини қайтаришда ва унга нисбатан қонуний чора кўришда амалий ёрдам сўраб ички ишлар органларига мурожаат қилган.

ИИВ ва Хоразм вилояти ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу шахс аниқланган. Маълум бўлишича, у танишининг номига расмийлаштирилган телефон рақамини ишлатиб юрган ҳамда нафақада бўлган бувисининг пластик картасига мижозларидан олган пулларни ўтказиб, турли банкоматлардан нақд пул қилиб ечиб олган. Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида далилий ашёлар билан қўлга олинган гумонланувчи шу каби ҳаракатлари билан бир неча ўнлаб фуқароларни алдаб, ишончига кириб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширган.

Ҳурматли фуқаролар, интернет тармоқларидаги фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик ва улар сизни алдашларига имконият қолдирмаслик учун оддий қоидаларга риоя қилишингизни ва огоҳликни йўқотмасликни сўраб қоламиз. Бу билан, шунингдек, сиз жиноят содир этилишининг олдини олишга ҳам ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

У. ҚЛИЧEВ,

ИИВ Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармаси
Ахборот технологиялари соҳасида жиноятларга
қарши курашиш бўлими 
ЎМИБ тезкор вакили, подполковник

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер