Фирибгар сохта ҳужжат билан узоққа бора олмади

14:52 13 Октябр 2023 Жамият
344 0

Фото: Иллюстратив фото

Мамлакатимизда тадбиркорлик қилиб, ўзимни ўзим иш билан таъминлайман, деган кишига имконият эшиклари йилдан-йилга кенгроқ очилмоқда. Чунончи, Республикамиз Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2021 йил 27 мартдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларида тадбиркорлик истагидаги фуқароларга имтиёзли кредитлар, ссудалар ажратиш каби бир қатор қулайликлар кўзда тутилган.

Бу имкониятлардан самарали фойдаланиб жамиятга фойда келтираётган тадбиркорлар талайгина, бироқ улардан мақсадсиз фойдаланиб, турли фирибгарлик схемаларини ишлаб чиқаётганлар ҳам учраб туради. Кармана туманидаги “Амирбек Камронбек Жавлонбек” МЧЖ ҳамда “Миржалол Ҳалол Чорвадор” оилавий корхонаси раҳбарларининг ўзаро жиноий тил бириктириб, имтиёзли кредит олишга эришганлиги фикримизга далилдир.

—“Амирбек Камронбек Жавлонбек” МЧЖ балиқчиликни ривожлантириш мақсадида “балиқ чавоқлари ва махсус ем олиш учун” имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши юзасидан “Агробанк” АТБ Кармана филиалига ариза билан мурожаат қилиб, ўзи ёки бошқа шахс фойдаланишида муайян ҳуқуқ яъни, банкдан 245 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берадиган ҳисоб-варақ шартномаси ва маҳсулотлар етказилганлиги юзасидан ҳисоб-варақ фактураси, розилик хатлари, балиқхона ҳовузини ижарага бериш юзасидан ижара шартномасини тузиб, уларга сохта маълумотлар киритади, — дейди жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси Жаҳонгир Каримов. — Натижада банкдан “Балиқ чавоқлари ва махсус ем олиш” мақсадида 14 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 245 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредитга шартнома имзолаб, ушбу кредит шартномасига асосан 245 млн. сўм кредит маблағларини “Миржалол Ҳалол Чорвадор” ОК ҳисоб рақамига ўтказилишига эришиб, нақдлаштириб олишади.

Жиноий тил бириктирган “тадбиркор”ларнинг содда фирибгарлик схемаси фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг ҳукми билан етказилган 245 млн. сўмлик зарар “Агробанк” АТБ Кармана филиалига тўлиқ қайтарилгани ҳамда кредит ёпилганлиги инобатга олиниб, уларга узил-кесил, ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят қаламга олишга арзимасдек туюлиши мумкин. Лекин ушбу кредит мақсадли ишлатилса, қанча одам ишли бўлиши, вақтида фоизи билан қайтарилса, яна қайсидир тадбиркор кредитли бўлишини инобатга олсак, қанчалик ижтимоий асоратларга эгалиги ойдинлашади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер