Фермер маҳаллани ортидан эргаштирмоқда

15:57 24 Январь 2025 Жамият
299 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қамаши туманининг энг чекка ва марказдан олис маҳаллаларидан бири – Одоқжонбўз. Шунга қарамай, сўнгги йилларда унинг номи тез-тез тилга тушмоқда. Бунинг боиси эса маҳалла аҳли деҳқончиликда эришаётган ютуқлар ҳисобланади.

Ҳудудда фаолият юритаётган “Нурманова Хуршида” сабзавотчилик фермер хўжалиги ўз тасарруфидаги 18 гектар ер майдонидан ҳар йили бир миллиард сўмдан ошириб даромад олмоқда. Фермер Шерзод Маҳматмуродовнинг айтишича, дастлаб хўжалик экин майдонларида анъанавий полиз ва сабзавот маҳсулотларини етиштирган бўлса, бугунги кунда асосан хориж бозорларида талабгир бўлган маҳсулотларни етиштиришга эътибор қаратмоқда.

— Бу борада брокколи карам биз учун айни муддао бўлмоқда, — дейди у. — Чунки ушбу экин бизнинг шароитимизда яхши ривожланади. Хориж бозорларида талаб бор. Шундан келиб чиқиб, уч-тўрт йилдан буён брокколи карам етиштиришни ўзлаштирдик. Тайёр маҳсулотни тўғридан-тўғри экспортга етказиб бераяпмиз.

Эътиборли томони, фермернинг бу борадаги тажрибаси ҳудуддаги деҳқон хўжаликлари ва маҳалла аҳлини ҳам экспортбоп маҳсулотлар, хусусан, брокколи карам етиштиришни кўпайтиришга ундамоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ҳамда вилоятдаги масъул корхона ва ташкилотлар мутасаддилари иштирокида маҳаллада “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилини жорий этиш бўйича ташкил этилган кўргазмали семинарда ҳам шу жиҳат эътироф этилди. Маҳалла аҳлининг бу борадаги тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудда брокколи карам етиштириш салмоғини ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер