Фасоҳат гулшанида нафис мажлислар
Фото: Халқ сўзи
Фарғона шаҳри марказида улуғ мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган сўлим гўша эндиликда «Алишер Навоий хиёбони» деб юритилади.
Шу тариқа ушбу майдонда бундан буён фақат 9 февраль – ҳазрат Алишер Навоий таваллуд топган кундагина эмас, йилнинг тўрт фаслида ҳам адабиёт байрамларини ўтказиш имконияти яратилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан хиёбоннинг бежирим йўлаклари бўйлаб мўъжазгина кутубхона бурчаклари, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарининг электрон нусхаларини кўчириб олиб ўқиш, интернет тармоғидан бепул фойдаланиш каби қулайликлар муҳайё этилди. Ноёб манзарали дарахт кўчатлари экилди, ўриндиқлар янгиланди.

Шунингдек, бу ердаги Маънавият ва маърифат масканида ҳар ҳафтада бир кун мунтазам равишда Навоийхонлик тадбирларини ўтказиб бориш белгиланди.
— Алишер Навоий хиёбони мушоиралар, адабиёт кечалари уюштириш, умуман олганда, фасоҳат гулшанида нафис мажлислар ўтказиш учун айни муддао бўлади, — дейди шоир, Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқитувчиси Давлатжон Каримов. — Хусусан, ижод мактаби ўқувчилари учун ҳам бу ерда тез-тез очиқ дарслар, адабиёт, шеъриятдан маҳорат сабоқлари ўтказиб боришни режалаштиряпмиз.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг