Фарғоналик ўқувчилар билан француз тилида бемалол мулоқот қиламиз — Жулиа Кафе

15:39 12 Февраль 2024 Жамият
807 0

Мамлакатимизда кейинги йилларда хориж тилларини ўрганишга жиддий эътибор қаратилиб, бу борада умумий ўрта таълим мактабларида барча замонавий шароитлар яратилаётир. Айни йўналишда Фарғона вилоятида рус, инглиз, француз, немис тилларига ихтисослашган мактаблар ташкил этилган бўлиб, ушбу таълим муассасаларида хорижлик педагоглар дарс беришмоқда.

2023 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таклифига кўра, икки нафар француз тили ўқитувчиси Фарғона шаҳридаги 3-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга ушбу тилни қунт билан ўргатишяпти.

Жулиа Кафе ва Маҳмоуди Кенза ўтган қисқа даврда мактаб ўқувчилари билимини оширишда бир қатор ижобий натижаларга эришишди.

— Ўзбекистонга келишдан аввал юртингиз ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган эдим, — дейди француз тили ўқитувчиси Жулиа Кафе. — Аммо Ўзбекистон хаёлий таассуротларимга қараганда ҳам яхши юрт экан. Айниқса, фарғоналикларнинг бир-бирига бўлган дўстона муносабати, самимийлиги менга жуда ёқди. Мактабда етти нафар француз тили фани ўқитувчиси фаолият кўрсатади. Ўқувчилар билан дарс жараёни, қўшимча машғулотларда ҳам француз тилида бемалол гаплашамиз.

Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Одилжон Жалоловнинг қайд этишича, тил ўргатиш сабоқлари Франциядан келтирилган дарсликлар асосида олиб борилади. Машғулотлар Франциялик ўқитувчи ва унга ёрдамчи сифатида бириктирилган мактабнинг француз тили фани ўқитувчиси билан биргаликда ташкил этиляпти.

Шунингдек, мактабда янги авлод дарсликларидан самарали фойдаланиш, уларни дарс жараёнига тўғри интеграция қилиш ва француз тилини ўргатиш бўйича халқаро методларни ўрганишга қаратилган тренинг машғулотлари ҳам ўтказилмоқда. Ўз навбатида хорижлик мутахассислар томонидан ҳафтада икки кун ўқитувчилар учун маҳорат дарслари, ўқувчилар учун эса қўшимча тўгарак машғулотлари ҳам йўлга қўйилган.

Таълим жараёнида хорижлик мутахассисларнинг фаолият кўрсатаётгани ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Хусусан, 2023-2024 ўқув йилида ўтказилган фан олимпиадасининг вилоят босқичида француз тили фанидан шу мактаб ўқувчилари – Мухлисахон Йигиталиева биринчи, Мунаввархон Аҳмадалиева эса иккинчи ўринни қўлга киритиб, республика босқичи йўлланмасини қўлга киритишди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер