Фарғоналик Мухтор ота Иброҳимов: Томорқа эртакдаги қайнар хумчага ўхшайди.

16:07 13 Апрель 2020 Жамият
2038 0

Жорий йилнинг 8 апрель куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселекторда миришкорлар бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини билдирди. Президент айтиб ўтганидек, ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат, деб баҳоланиши керак. Шунинг учун томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга эса ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.

Марказий Осиё гавҳари Фарғона вилоятида айни кунларда глобал инқироз хавфини камайтириш ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини кафолатли таъминлашга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилаётир. Жорий йилда белгиланган режага нисбатан боғ ва ток қатор ораларига ва ғалладан қисқарган майдонларга қўшимча жами 14.0 минг гектар сабзавот ва полиз маҳсулотлари экиш кўзда тутилган. Жорий йил давомида вилоятда жами 177 гектар майдонларда 1750 та иссиқхоналар ташкил этилади. Шундан, 53,1 гектар майдондаги 525 та иссиқхоналар намунавий лойиҳа асосида, 124 гектардаги 1225 та иссиқхоналар эса маҳаллий хом-ашёдан бунёд этилади. Ушбу маблағлар учун 17,5 млрд.сўм маблағлар талаб этилиб, шундан 11 млрд.сўми тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан қопланади.

Сўнгги йилларда бағдодликлар ҳам Олтиариқ,Қува туманларидаги миришкорлардек томорқадан самарали фойдаланишнинг ҳадисини олишди. Зотан, ўтган 2019 йилнинг ўзида тумандаги 1 минг 372 та томорқада иссиқхона қурилиб, уларнинг умумий сони 9 мингга яқинлашди.
 

Ултармалик Мухторжон ота Иброҳимов салкам 75 ёшда, бироқ ҳали-ҳануз ўзини томорқага “уради”. Бундан етти йил олдин тошлоқ майдон ўрнида ташкил этган иссиқхонасида бодринг, помидор, қалампир ва карам экади. Бу йилдан нуроний ота ўрнак бўлиш мақсадида хайҳотдек 2 та иссиқхонадаги уячаларга қулупнай уруғларни қадаб, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилди. Қарангки, оби-тобида қилинган меҳнат февраль ойида натижа берди: ҳар бири чақалоқнинг муштидай келадиган қулупнайларни кўриб, невараларнинг оғзидан сув қочди...

- Ўшандан бери ҳар 2 кунда узиб, эҳтиёжимиздан ортганини бозорга чиқариб сотяпман, — дейди Мухторжон ота. – Қиш ойларида бу резавори тушмагурнинг харидори кўп бўларкан. Килосини 75 минг сўмдан сотдим! Ҳалигача ҳар терганимда 30-35 килодан ҳосил оламан – қайнар булоққа ўхшайди. Бугунги синовли карантин даври ҳам биз учун бир имтиҳон, болам. Насиб қилса, тез орада бу кўрганларимиз ҳам ортда қолади. Лекин бу карантин дегани – тўрт девор ичига қамалволи-и-иб ўтириш, дегани эмас! Томорқада терлаб-терлаб меҳнат қилиш, боғ яратиш, қўшимча даромад олиш учун яхшигина имконият. Худо кўрсатмасин, бу касаллик иқтисодиётимизга озми-кўпми салбий таъсир кўрсатса, мана шу томорқадан олган ҳосилимиз, даромадимиз бизга бакор келади. Шуни била туриб, шапалоқдай бўлсаям томорқасида экин-тикин қилмаган одам – хиёнаткор бўлади-да...

Ер билан тиллашган, унга ғамхўрлик қилиб, меҳр-мурувватини кўрсатган одам асло кам бўлмайди. Буни Бувайда туманидаги Найман қишлоғи аҳли жуда яхши билади.

Абдуҳалил Мингбоев деҳқончилик қилишни бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аммо маҳалласидаги деҳқонлар ишини кўриб, кўзи пишган йигит икки йилда бип-бинойидек миришкор деҳқонга айланди. У ўтган йили 2 сотих ерга иссиқхона қилиб, бодринг ва помидор етиштирган эди. Мўъжазгина ердан яхшигина даромад олгач,тежалган маблағ эвазига бу йил иссиқхонани 8 сотихга кенгайтирди.
 

Риштон тумани уста кулоллар юрти сифатида бутун дунёга донғи кетган. Унинг тупроғидан яралган мўжизалар мамлакатимизнинг деярли барча хонадонларида топилади. Шу билан бирга, туманда томорқадан фойдаланишда ҳам ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Хонадонлардаги жами 2 800 гектардан ортиқ томорқалардан бир қарич исроф эрни тополмайсиз. Барча нон каби ерни қадрлайди, ундан унумли фойдаланади.

“Олмазор” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи Кароматхон Хўжамназарова ўғиллари Ёқубжон ва Баҳром билан 6 сотихли томорқасида иккита иссиқхона ташкил этган. Уч қизи ва набира тўйларини шу томорқа фойдасидан ўтказди.

– Оқин сув муаммо бўлганлиги боис томчилаб суғоришни йўлга қўйганмиз, –дейди ўғли Ёқубжон Хўжамназаров. –Шу йўл билан бодринг ва зиравор кўкатлар парваришлаб бир йилда ўртача 15-20 миллиондан уч марта даромад қиламиз. Бу йил 2 апрелдан биринчи ҳосилни узишни бошладик. Ҳозир олтинчи терим. Бу жараён август ойларига қадар давом этади. Кейин қайта кузги шудринг–бодринг экамиз. Ноябрь охирларида бўшаган томорқани ўғитлаб саримсоқпиёз ёки кўкат парваришлаймиз. Баҳорги етишмовчилик пайт – қаҳратон қиш давомида олган даромадимиз камимизни тўлдиради.

“Узункўча” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 65 ёшли Анваржон Мамаев ҳам бекорчиликни билмайди. 2 сотихли иссиқхонада лимон парваришлайди. Кўчатлар остига помидор, бодринг, булғор қалампири, кўкат экиб қўшимча даромад ҳам қилади.

Зоҳидон қишлоғидаги Расулжон Имомов томорқасини ҳеч қачон бўш қолдирмайди. Ер қишин-ёзин экин билан банд. Йил давомида томорқага жамбил, райҳон, помидор, картошка, бодринг, укроп, кашнич, исмалоқ ва бошқа кўкатлар экади. Энг асосийси оилада йил давомида даромадузилмайди.

– Саккиз сотихга яқин томорқамиздан йил давомида 5 марта ҳосил оламиз, –дейди Расулжон Имомов. – Қуш уясида кўрганини қилади, дейди доно халқимиз. Набираларимга, фарзандларимга амал билан ўрнак бўлай дейман. Ҳозир 4 нафар ўғлимдан кўнглим тўқ. Улар ўз томорқаларида меҳнат билан банд.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ишнинг кўзини билган, 4-5 сотих томорқасидан катта даромад олаётган хонадонларнинг яшаш тарзи ҳам, ҳаётга муносабати ҳам бошқача, турмуши фаровон. Йилнинг тўрт фаслида водий хонадонларининг қайси бирига борманг, заҳматкаш уй эгаси қўли кўксида эгат оралаб келади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер