Фарғоналик ғаллакорлар биринчилардан бўлиб шартнома режасини бажарди
Фарғона вилояти ғаллакорлари жорий деҳқончилик йилида мамлакатимизда биринчилардан бўлиб шартнома режасини бажаришга муваффақ бўлдилар.
2021 йилда 99,5 минг гектар майдонда ўртача 70 центнердан - 687,1 минг тонна ғалла етиштириш режалаштирилган бўлиб, элимизнинг ризқ-насибаси тўлиқ 26 та ғаллачилик кластерлари томонидан етиштирилди.
Ғалла етиштиришни кластер усулида ташкил этиш ўзининг юқори самарасини берди ва бу йил ҳар бир гектар ердан олинадиган ҳосилдорлик ўртача 10-15 центнерга ошиши таъминланди.
Ғаллачилик кластерлари томонидан соҳага илм-фан ютуқлари, инновация кенг жорий этилиб, агротехник тадбирларни ўтказишда республикамиздаги 3 та ва Россия Федерациясининг «Краснодар» илмий тадқиқот институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
2021 йилда ғаллачилик кластерлари томонидан 38,6 млрд. сўм бўлган 2 та донни қайта ишлаш, ун ва ун маҳсулотлари, омухта ем ишлаб чиқариш мақсадида инвестиция лойиҳалари ишга туширилди ҳамда 150 минг тонна дон сақлаш сиғимлари ташкил этилди.
Фурқат туманидаги «Нурафшон водий», Бағдод туманида жойлашган «Мажнунтол ифори», Учкўприк туманидаги «Деҳқонов Адхам», Қува туманида фаолият кўрсатувчи «Турсунтош Одина Ширмоной» фермер хўжаликлари гектаридан 101,2 центнердан юқори ҳосил олди.
Эзгу ташаббус доирасида Фарғона вилоятида ғалладан бўшаган майдонларни 300 минг нафар мурожаатчиларга 20 сотихдан 25 сотихгача такрорий экин учун ажратиб бериш ишлари давом этмоқда. Бугунги кунгача 28,7 минг гектар майдонлар такрорий экин экишга тайёрлаб, 157,4 минг нафар аҳолига ажратиб берилди.
Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг