Фарғоналик боксчилар «Париж – 2024» ёзги Олимпия ўйинлари шоҳсупасида
Ботир Мадиёров/«Халқ сўзи». Жаҳон спортида ҳар тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақаси – Париж – 2024 ёзги Олимпия ўйинлари тобора ҳал қилувчи паллага кирмоқда. Қувонарлиси, ушбу нуфузли мусобақада мамлакатимиз терма жамоаси сафида Фарғона ўғлонлари ҳам муваффақиятли иштирок этиб, фарғоналик спорт ишқибозларига хурсандчилик улашди.
Куни кеча ёзги Олимпия ўйинларининг бокс турнири финалида икки нафар фарғоналик спортчи – Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳамда Лазизбек Муллажонов рақибларини мағлуб этиб, Ўзбекистон терма жамоасига навбатдаги иккита олтин медални тақдим қилишди.

Асадхўжа Мўйдинхўжаев туғилиб ўсган Риштон туманининг Булоқбоши ҳамда Лазизбек Муллажонов вояга етган Фарғона туманидаги Лоғон қишлоғида финал ўйинларини вилоят, туман ҳам қадрдон ҳамқишлоқлардан жамулжам бўлган минглаб мухлислар томоша қилди. Фарғоналик азаматлар шоҳсупага кўтарилиб, Ўзбекистон мадҳияси янграганида бир овоздан барча унга жўр бўлди.
— Ўғлим Асадхўжа 2017 йилдан буён 4 карра Ўзбекистон чемпиони, бар неча халқаро турнирлар ғолиби бўлди, — дейди чемпионнинг онаси Гулчеҳра Охунжонова. — Хонадонимизда минглаб ҳамюртларимиз йиғилиб, фарзандимизни олқишлаб турди. Бундай бахтли лаҳзаларда қувонч кўз ёшларимни тўхтата олмадим.

Фарғона вилояти ҳокими ҳар икки чемпионнинг отаси – Зоҳидхўжа Охунжонов ва Ҳасанбой Муллажоновга миллий удумга кўра, зарбоф тўн, дўппи кийдириб, атлас қийиқ боғлади.
— Бугун Фарғона спорти тарихи солномасига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган натижалар қайд этилди, — дейди Фарғона вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов. — Боиси, мустақиллик йилларида ҳали фарғоналик спортчилар ёзги Олимпия ўйинларида олтин медаль олмаганди. Бу биз учун қўшалоқ тантана бўлди.
Файзли оқшомда қувончли хушхабар бутун вилоят бўйлаб тарқалиб, тонгга қадар барча шаҳар, туманларда катта тантана сифатида нишонланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг