Фарғонадан кунига 400 тонна гилос экспорт қилинмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Фарғона вилоятида Қува тумани ва Қувасой шаҳрида гилоснинг деярли барча навларини етиштириш яхши йўлга қўйилган. Шунингдек, Учкўприк, Ўзбекистон ва Олтиариқ тумани қир-адирликларидеҳқон хўжаликларига берилиши натижасида ушбу ҳудудларда ҳам йилдан-йилга гилос етиштириш яхши ривожланаётир.
2022 йили вилоятда 12 давлатга умумий қиймати 17,8 миллион долларлик 12,4 минг тонна гилос экспорт қилинган эди. Экспорт улуши ассоан Россия, Қозоғистон, Польша, БАА, Хитой, Корея Республикаси ҳиссасига тўғри келди.
Айни пайтда Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Водий” ҳамда “Марғилон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига қарашли иккита “Экспортга кўмаклашиш маркази” фаолият юритмоқда. Бу марказларда экспортга ортилаётган маҳсулотларга зарур бўладиган ҳужжатлар тақдим этадиган барча идоралар хизмати йўлга қўйилган. Божхона ходимлари томонидан экспорт қилинаётган гилосга тегишли юк кузатув ҳужжатлари шу ернинг ўзида расмийлаштириб берилмоқда. Тадбиркорлар томонидан гилослар бўйича тақдим этилаётган божхона юк декларациялари онлайн шаклда бошқарманинг “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости ходимлари томонидан ўз вақтида расмийлаштирилиши таъминланяпти.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шавкатжон Сотиволдиевнинг “Халқ сўзи” мухбирига хабар беришича, 2023 йилнинг ўтган даврида қиймати 4 миллион долларга яқин 4750 тоннадан ортиқ гилос маҳсулотлари экспорт қилинди. Мавсумда кунига ўртача 400 тонна гилос экспортга йўналтирилмоқда.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг